Беш давлат элчиси Сурхондарёда
Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Хитой, Германия, Чехия, Қатар давлатлари ва Бирлашган Араб амирликларининг мамлакатимиздаги элчилари Юй Сзюн, Манфред Хутерер, Любомир Фреборт, Ҳасан Ҳамза Асад Муҳаммад Ҳошим ва Муҳаммад Дохерийларни қабул қилди.
Президентимизнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашев ва Ташқи ишлар вазири ўринбосари Илҳом Ҳайдаров иштирок этган учрашувда Сурхондарё вилоятида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, айниқса, инвестицияларни жалб этиш, инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш, савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди. Шунингдек, Афғонистон билан иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган лойиҳалар, жумладан, “Термиз” халқаро савдо маркази эркин иқтисодий зонаси ва бу ерда яратилган шароитлар, имкониятлар ҳақида фикр алмашилди. Вилоятнинг бой инвестицион салоҳияти, мазкур давлатлар инвесторларини жалб этган ҳолда амалга ошириш имконияти мавжуд соҳа ва тармоқлар, лойиҳалар кўриб чиқилди.
Учрашувда бундай мулоқотлар Ўзбекистоннинг минтақадаги дипломатик мавқеини мустаҳкамлаб, иқтисодий тараққиётни рағбатлантириш ва қўшни давлатлар билан муносабатларни яхшилашга қаратилган стратегик аҳамиятга эга экани қайд этилди.
[gallery-20086]
Шу куни мартабали меҳмонлар “Термиз” халқаро савдо маркази эркин иқтисодий зонаси ва “TERMEZ CARGO CENTRE” халқаро кўп функцияли транспорт-логистика марказида бўлиб, бу ерда яратилган қулайликлар билан ҳам яқиндан танишди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири