Берлинда Наврўз нишонланди
Берлин Этнология музейида мамлакатимиз элчихонаси томонидан Марказий Осиё давлатлари, Туркия, Озарбайжон, Эрон, Покистон ва Афғонистон давлатларининг Германиядаги дипломатик ваколатхоналари билан бирга Наврўз умумхалқ байрами ташкил этилди.
“Cultur-Cooperation e.V.” халқаро ҳамкорлик жамияти билан ҳамкорликда ўн давлат иштирокида нишонланган сайлда ГФР расмийлари, Берлинда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус, шунингдек ушбу мамлакатдаги жамоат ва илмий доиралар вакиллари ҳамда ватандошларимиз иштирок этди.
Меҳмонларни Германия Ташқи ишлар вазирлиги маданият ишлари бўйича вакили Йенс Вагнер, Берлин Этнология музейи раҳбари Мелани Кребс қутлади.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон дипломатлари Наврўз байрами миллий қадрият сифатида мамлакатимизда кенг нишонланиши, юртимизда қадриятларимизни асраб-авайлаш ва келажак авлодга етказишга алоҳида эътибор қаратилаётгани, ҳар йили ушбу байрам арафасида бунёдкорлик ишлари, хайрия тадбирлари ўтказилиши хусусида маълумот бердилар.
Ҳар бир иштирокчи мамлакат Германия пойтахти кенг жамоатчилигига ахборот стенди, миллий ширинликлар ҳамда бадиий дастур намойиш этди. Айниқса, мамлакатимиз вакиллари томонидан “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” шиори остида тақдим этилган маданий дастур барчага манзур бўлди. Томошабинлар иштирокида ўтказилган “Ўзбекистонни биласизми?” викторинаси, “Арқон тортиш” каби миллий ўйинларимиз хорижликларнинг юртимиз маданиятига қизиқишини янада оширгани шубҳасиз.
Миллий услубда безатилган стендимиз ҳам ташриф буюрувчиларда мамнунлик уйғотди. Меҳмонларга ўзбек халқининг қадимий тарихи, бой маданияти ва анъаналари, туристик салоҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёти, туризм салоҳияти ҳақида ҳикоя қилувчи буклет, тарқатма метериаллар тақдим этилди.
Тадбирда иштирок этган ватандошларимиз ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Ахборот технологиялари паркининг Германиядаги вакили, магистр Жамила Қалибаева:

– Мамлакатимиз элчихонаси томонидан қўшни мамлакатлар ва Турк кенгаши давлатлари билан бирга Наврўзга бағишлаб уюштирилган айёмда иштирок этганимдан хурсандман.
Хорижлик меҳмонлар қатори турли давлатлардан келган талабалар ҳам мазкур қадимий байрамни нишонлаш учун ташриф буюришди. Бу ерда турли мамлакатларнинг миллий стенди, ўзига хос анъаналари, санъат намуналарини кўриш мумкин. Туризм салоҳияти тарғиботи, ранг-баранг кулолчилик ва ҳунармандлик буюмлари, миллий либослар, хон атлас, адрас каби юртимиз нафис матолари билан безатилган Ўзбекистон кўргазмаси байрам иштирокчилари диққат марказида бўлганидан фахрландик.
Ҳаммага баҳорий кайфият улашувчи ажойиб айём – Наврўз муборак бўлсин!
Германиялик ватандошимиз Моҳинур Усмонова:

– Германия пойтахтида ҳам севимли Наврўзни оилавий нишонлашга муяссар бўлдик. Гўзал байрам баҳона юртдошларимиз, қардош халқлар вакиллари билан учрашдик, бошқа мамлакатларнинг қадрияти, миллийлиги, баҳорий удумлари билан танишдик. Барча иштирокчилар қатори миллий урф-одатимиз, анъаналаримиз, қадриятларимизни намойиш этдик. Наврўз ҳақида шеър, қўшиқлар янгради.
Фурсатдан фойдаланиб, хориждаги ватандошларимиз номидан Ўзбекистон халқини самимий табриклайман.
Насиба Зиёдуллаева тайёрлади.
ЎзА