Бу ҳақда Тошкентда давом этаётган Ўзбекистон халқаро маданий мерос ҳафталиги доирасидаги тадбирларда маълум қилинди.
Берлин давлат кутубхонасида сақланаётган бобурийларга оид мазкур муҳташам альбомнинг бир томонида ғазаллар, иккинчи томонида эса миниатюралар туширилган.
Эътиборли жиҳати, альбомдаги ғазаллар Алишер Навоий ва Ҳусайн Бойқарога тегишли бўлиб, туркий тилда ёзилган.
Мутахассисларнинг эътирофига кўра, бобурийлар сулоласи уч юз йилдан ортиқ ҳукмронлик тарихига эга бўлса-да, ҳеч қачон ўз ота-бобосини, миллатини, тилини унутмаган. Саройда эҳтимолки, форс, ҳинд ёки бошқа тилда гаплашилган бўлиши мумкин, лекин асосий, энг жиддий масалалар туркий тилда ҳал қилинган ва жуда кўплаб туркий қўлёзмалар кўчирилган.
Мазкур альбомнинг 25 таси Германиядаги Берлин давлат кутубхонасида сақланаётган бўлса, қолган 100 га яқин қисми Буюк Британия, АҚШ, Чехия ҳамда Эронда эканлиги маълум қилинди.
Чет элларга тарқалиб кетган Ўзбекистон маданий мероси намуналарини қайтариш каби маданий ислоҳотлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилмоқда.
– Ҳозирда бобурийларга тегишли альбомнинг тарқалиб кетган барча қисмларининг факсимилени йиғиш ва Ўзбекистонга олиб келиш бўйича ишлар давом этмоқда, – деди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов.
Маданий мерос ҳафталиги қизғин руҳда давом этмоқда.
Н.Усмонова,
ЎзА