Бепул автобус хизмати йўлга қўйилди
Қишнинг аёзли кунларида, қолаверса, янги йил байрами арафасида аҳолига, айниқса, мактаб ўқувчиларига қулайлик яратиш мақсадида ҳудудларда қатор йўналишлар бўйича бепул автобуслар қатнови йўлга қўйилди.
Андижон вилояти Балиқчи тумани ҳокимлиги ташаббуси билан жорий йил 15 декабридан бошлаб Балиқчи – Чинобод, Чинобод – Ўрмонбек, Чинобод – Эски Ҳақулобод йўналишларида қатновчи автобуслар йўловчиларга бепул хизмат кўрсатмоқда.

Бепул автобуслар ҳар куни эрталаб соат 7.00 дан кеч соат 18.00 га қадар график асосида ҳаракатланиб, фуқароларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилмоқда. Ушбу хайрли ва савобли ишдан аҳоли беҳад мамнун.

– Бепул автобус қатнови йўлга қўйилганлигидан барча хурсанд, – дейди Зулхумор Маликова. – Шахсан мен Чинобод шаҳарчасидан туман маркази Балиқчига қатнаб ишлайман. Ушбу автобус хизматидан ҳар куни фойдаланаман. Қулай ҳамда бепул ушбу хизматдан мамнунман. Мана шундай хайрли ишга бош бўлган туман ҳокимлигига миннатдорчилик билдираман.

Туман ҳокимлиги томонидан автобуслар ёқилғи билан таъминланмоқда. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бепул автобуслар қатнови аёзли кунлар тугагунга қадар давом этади.
Ф. Убайдуллаев, ЎзА мухбири