Бепарво бўлишга ҳаққимиз йўқ
Ҳар бир жамиятнинг, унда яшайдиган инсонларнинг тақдири ва келажаги албатта мамлакатнинг етакчи кучи ҳисобланган ёшлар тарбияси билан боғлиқ.
“Тарбия қанча мукаммал бўлса, халқ шунча бахтли яшайди”, дейди донишмандлар. Ёшлар тарбияси мукаммал бўлиши учун эса бу масалада бўшлиқ пайдо бўлишига мутлақо йўл қўймаслик лозим.
Президентимизнинг куни кеча Ёшлар кунига бағишлаб ўтказилган форумдаги маърузасида тарбия масаласига, айниқса, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, бу борада йўл қўйилаётган камчиликлар муаммосига алоҳида эътибор қаратилганлиги барчамизга қувонч бағишлади.
Ҳозирги кунда дунё миқёсида бешафқат рақобат, қарама-қаршилик ва зиддиятлар тобора кескин тус олмоқда. Глобал муаммолар – халқаро терроризм, экстремизм, муросасизлик, саводсизлик, жаҳолат, қашшоқлик, зўравонлик ғояси “вируси”, “оммавий маданият”, одам савдоси, қурол-яроғ ва наркотик моддалар контрабандаси, ноқонуний миграция каби хавф-хатарлар кучайиб одамзод асрлар давомида амал қилиб келган эътиқодлар, қадриятларга путур етказмоқда.
Булар етмагандек, ўз ичимиздан чиқаётган айрим нобакор кимсалар қутқусига учган ёшларимиз турли номақбул ишларга қўл урмоқда. Президентимиз ана шундай ёшлар ҳақида гапирар экан, юртдошларимиз учун муқаддас қадамжоларга айланган Амир Темур, Алишер Навоий ва Мотамсаро она ҳайкаллари ёнида ножўя хатти-ҳаракатларни амалга оширган айрим ёшларимизнинг бу каби саъй-ҳаракатлари миллий қадриятларимизга беписандлик ва ҳақоратдан бошқа нарса эмаслигини қайд этди. Бу каби ҳолатларга бефарқ бўлишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқлигини ўринли таъкидлади.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ғоя ва манфаатларини ўзида ифода этган бу даъват нафақат бизни, балки бутун халқимизни ҳушёрликка чақириши керак. Чунки, Президентимиз таъкидлаганидек, бефарқлигимиз туфайли рўй бераётган бу каби иллатлар айнан бефарқлигимиз туфайли янада чуқур илдиз отиши ва кўплаб фарзандларимизни издан чиқариши мумкин.
Биз буни истамаймиз! Одоб-ахлоқ, илм-маърифат, иймон-эътиқод, шарм-ҳаё каби юксак инсоний фазилатлар азал-азалдан улуғлаб келинган жонажон юртимизда бундай ножўя хатти-ҳаракатлар урчиб кетишига асло йўл қўйиб бўлмайди.
Ёшлар – ҳар қандай жамиятнинг эртаси. Уларнинг онги учун вайронкор ҳамда маърифатпарвар ғоялар ўртасида кураш давом этаверади. Бу ғоявий курашда эса ўзининг эзгу саъй-ҳаракатлари билан ёшларнинг ишончини оқлай олган томон ғолиб бўлади. Демак, биз, маърифат аҳлининг бир лаҳза бўлсин, бепарво бўлишга ҳаққимиз йўқ. Баркамол авлод ва юксак ахлоқли ватанпарвар ёшлар бугунимиз ва эртамизнинг ҳақиқий давомчилари экан, уларни бугун тарбиялашимиз, уларни бугун тўғри йўлга бошлашимиз шарт.
Махсуд МУҲАММЕДОВ,
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” Демократик партияси
Бухоро вилояти Кенгаши раиси,
халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати
ЎзА