Беморларга янада қулайлик яратилади
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон вилояти филиалига замонавий ангиограф аппарати келтирилди.
Кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифати ва савиясини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон вилояти филиали капитал таъмирланиб, кўплаб замонавий тиббий аппарат ва ускуналар билан жиҳозлангани ана шу йўналишдаги ишларга бир мисолдир.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қиймати 6,5 миллиард сўмлик ангиограф замонавий тиббий аппарати келтирилганлиги беморларга жуда катта қулайлик яратади.
Ангиограф – бу замонавий юқори технологияли қурилма бўлиб, унинг ёрдамида рентген нурланиши таъсирида қон томирлари ва юрак бўшлиқларини кўриш, жарроҳлик операцияларини ўтказиш мумкин. Тадқиқотда бемор томирига катетер ёрдамида радиоактив модда юборилади, у рентген нурларини ўтказмайди ва қон билан аралашганда, рентген нурлари остида томирнинг ҳақиқий кўринишини бера олади.
Умуман, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон вилояти филиали 2021-2023 йиллар давомида умумий қиймати 879 миллион сўмлик 29 турдаги янги, замонавий тиббий аппарат ва ускуналар билан таъминланди.
Филиалга тақдим этилган янги ангиограф тиббий аппарати шифокор ва беморларга катта қулайлик яратиш билан бирга, касалликларга аниқ ташхис қўйиш ва самарали даволашда муҳим аҳамият касб этади.
Ф. Убайдуллаев,
ЎзА мухбири