Бемор вакцина олиши мумкинми?
Вакцинанинг 1-босқичи билан эмланган одамда коронавирус аломатлари аниқланса, тўлиқ тузалмасдан вакцинанинг 2-босқичини олиш мумкинми?
Ушбу саволга Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева иштирокидаги брифингда жавоб берилди.
Мутахассиснинг таъкидлашича, уй шароитида коронавирусдан даволанаётган бемор бўлса, демак унда касалликни енгил даражаси кузатилмоқда. Бундай ҳолатларда, вакцина ишлаб чиқарувчилари вакцина олишни вақтинчалик тўхтатиш, яъни 2 ҳафтага тиббий чеклов тавсия қилади.Бу даврда шу инсон организмидаги жараённи кузатиш керак, унда организмдаги жавоб реакция ва ҳосил бўлаётган иммун ҳужайралар ҳолати баҳоланади. Агарда ўрганиш жараёнида инсон организмида вакцинадан кейинги ҳимоя ҳужайралар кўрсаткичида ўзгариш кузатилмаса, шифокор томонидан бу ҳолат ўрганилиб, организмда қаршилик топилмасагина, кейин вакцинани давом эттириш тавсия этилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, 18 ёшгача бўлганлар, ҳомиладорлар, эмизикли ва туққан аёллар, вакцина таркибидаги воситага ёки кучли аллергик реакциялари кузатиладиган одамларга ва инфекцион ёки аъзоларнинг ноинфекцион сурункали касалликлари (юрак қон томир тизими, ўпка ва нафас йўллари, ошқозон ичак тизими, эндокрин тизим кабилар) авж ёки хуруж қилган даврида коронавирус инфекциясига қарши вакциналар мумкин эмас.
Вакцина олганларда эса биринчи 3 кунликда бош оғриғи, тана ҳарорати кўтарилиши, умумий ҳолсизлик, вакцина олган жой қизариши ёки шиши ёки оғриши каби умумий ҳолатлар кузатилиши мумкин. Бундай ҳолатларда патронаж ҳамширалар вакцина олганларни кейинги 3 кун давомида хабар олиш жараёнида сизда кузатилаётган ҳолатларни аниқ ва тўлиқ айтиши керак.
Бронхит касаллиги бор одамларда касалликнинг қайта хуружи ёки асоратларида ташқи муҳит таъсирида организмга тушган вируслар ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Шу боис, бронхит касаллиги бор беморлар вируслар билан тўқнашувдан ўзларини ҳимоя қилиши керак, яъни карантин қоидаларига риоя қилиши ва вакцинани олиши талаб этилади. Вакцина бу каби беморларни касалликлари асоратланишининг олдини олиш имкониятини яратади. Яъни, вакцина олиб организмда ҳимоя шаклланиши билан коронавирус организмда касаллик келтириб чиқаришининг олдини олиш мумкин ёки енгил кечувида ўтишга ва асоратланмасликка ёрдам беради.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА