Бемор болалар учун тиббий кўрик
Сирдарёда “Равшан даволаш маскани” ва “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида хайрия тадбири ташкил этилди.
Тадбирга вилоятда истиқомат қилаётган 300 га яқин 3 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар қамраб олинди.

– Дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлгани каби, сўнгги йилларда республикамизда ҳам онкологик, онкогематологик касалликлар билан касалланган болалар сони бирмунча ортди, – дейди “Равшан даволаш маскани” директори, тиббиёт фанлари номзоди Алишер Ёриев. – Бу турдаги касалликларнинг келиб чиқиши ва кўпайишига бир қанча омиллар сабаб бўлмоқда. “Вақф” хайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда ташкил этган тадбирдан кўзланган мақсад болаларда учраётган онкологик ва онкогематологик касалликларни барвақт аниқлаш ва беморларни соғлом ҳаётга қайтаришга кўмаклашишдир.


Хайрия доирасида вилоятда истиқомат қилаётган, ана шундай касаллик аломати бор болалар Рентген, УЗИ, умумий қон текширувларидан ўтказилди. Рентген текширувлари орқали уларнинг ўпка, кўкрак қафас аъзолари билан боғлиқ муаммолар ўрганилган бўлса, ультратовуш текшируви орқали ҳазм қилиш тизими, жигар, буйрак ва бошқа ҳаётий функциялари ўрганилди. Бу эса, онкологик ва онкогематологик касалликларни эрта босқичларда аниқлаш, эрта босқичларда даволашда ёрдам кўрсатиш имконини беради.


– Бу каби хайрия тадбирлари ижтимоий аҳволи оғир, аммо фарзандининг саломатлиги билан боғлиқ муаммоси бор оилалар учун катта имконият эшикларини очиб берди, – дейди “Равшан даволаш маскани” бош шифокори Абдуғаффор Қўлдошев. – Давлатимиз раҳбари томонидан сўнгги йилларда республикамизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби, Сирдарё вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг онкогематология, Республика ихтисослашган онкология ва радиология илмий амалий маркази Сирдарё филиалида шу турдаги касалликка чалинган беморларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш, уларни соғлом ҳаётга қайтаришга ихтисослашган каттагина база яратилди. Бугун клиникамизда “Вақф” хайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбир давомида ижтимоий имконияти чекланган оила ва уларнинг фарзандларига кўмак кўрсатилди.

Ўтказилган кўрик давомида бемор болаларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилибгина қолмай, мутахассислар томонидан амалий маслаҳатлар ҳам берилди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири