Бемаврид ёққан қор деҳқон иродасини синдира олмади
Апрелда тўсатдан ёққан қор кўпчилик, айниқса деҳқонларни бироз хавотирга солди.
Апрелда тўсатдан ёққан қор кўпчилик, айниқса деҳқонларни бироз хавотирга солди. Аҳоли томорқасидаги экинлар, ҳовлисидаги мевали дарахтларни совуқ уришидан, деҳқон, фермер ва боғбонлар эса даласидан ташвишда эди...
Дард устига чипқондай, ижтимоий тармоқларда “коронавирус балоси таҳдид солиб турган бир пайтда қишлоқ хўжалиги экинлари талафот кўрса, нарх-наво баттар қимматлашиб кетади“, қабилидаги гапларни ўқиб дил яна хира тортди. Айримлар деҳқонлар хонавайрон бўлиши ҳақида ёзди, ёзмоқда ҳам. Бу каби гаплар халқимизни саросимага солиши ҳам бор гап.
Бемаврид ёққан қор қишлоқ хўжалиги экинларига, мевали дарахтларга қанчалик зиён келтирди? Деҳқонларимиз ноқулай об-ҳавода ҳосилни сақлаб қолдими? Бу ҳақда бугун ҳам дала ишлари билан банд, табиат инжиқликларига қарши курашган юртдошларимиз фикри билан танишинг.
Нарзулла Кенжаев, боғбон:
– Инсон табиат олдида ожиз. Ҳар йили об-ҳаво деҳқончилик учун қулай келавермагани каби боғдорчиликда ҳам табиатнинг раъйига қаралади. Кутилмаганда ёққан қор одамларни янада хавотирга солди. Ўзим ҳам қўрқдим. Қор ёға бошлаганида далада эдик, ҳаво бироз совуқ. Аммо хавотир билан совқотганимни ҳам сезмадим. Кечга довур ишчилар билан ўтин ҳозирладик. Эрта туриб (тўғриси ухлолмадим), далага югурдим. Хавотир олишга асос бор, чунки далада бир ёки икки туп эмас, 450 туп олма, 240 туп ўрик, 125 туп бодом, 220 туп хурмо, 65 туп ёнғоқ, 50 туп гилос бор. Бир менинг эмас, кўпчиликнинг ризқи ҳозир бизнинг тадбирларимизга боғлиқ эди. Хайрият, қуёш чиқди, дарахтларга деярли зиён етмаган экан. Ўрик ғўраларига озроқ зиён текканини айтмаганда, ҳаммаси жойида.
Иккинчи кун ҳам қор ёғишда давом этса, далага Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг боғбонлари қўллаган усулни, яъни олов ёқиш орқали дарахтларни сунъий иситиш усулини қўлламоқчи эдик. Ҳайтовур, ёғмади. Бундай кутилмаган об-ҳаводан сўнг дарахтларга ширача тушади, зараркунандалар ҳужум қила бошлайди. Шунинг учун дарахтларни дорилаб турибмиз. Буёғига пирларимиз қўллаб турса, ишимиз беш бўлади.
Инобат Исломова, фермер:
– Хўжалигимиздаги 55 гектар ернинг 28 гектарига пахта, қолган қисмига ғалла экканмиз. Шудгорланган ерни чигит экишга тайёрлаб турган эдик. Шу йил ҳаво иссиқ келди, деб чигит экишни эрта бошлаб юбормаганимиз яхши бўлди. Қор ғаллага зиён келтиролмади. Чунки қишда қор тагида чиниққан буғдой эрта баҳордаги совуққа бардошли бўлиб унади. Фақат бошоқлари кўтарилиб, донлари етилиб келаётган пайти жала ёғиб бермаса бўлгани. Кечаги бемаврид ёққан қордан кўра жала хавфлироқ. Чунки ўришга тайёр бўлаётган ғаллани ер билан битта қилиши мумкин. Танасидаги кучни донга берган буғдой поялари жалага, кучли шамолга бардош бера олмайди. Ерга ёпишиб қолган экинни эса ўриш мушкул. Буғдой донлари хашакка чиқиб кетади. Фермернинг иши шуниси билан қизиқда, бу табиат бизнинг режамиз бўйича ишламаса...
Ҳар йили чигитни ёғингарчилик тугади, деган тахминлар билан экамиз. Аммо энди чигитлар қулоқ чиқаришга улгургандан, шаррос ёмғир ёғади. Бу ҳам бир ташвиш. Ҳали чопиққа тайёр бўлмаган ерни қатқалоқ қилиб чиқамиз. Хуллас, ҳосил роҳатини кўраман, деган киши ана шундай машаққатларга ҳам чидаши керак.
Зоҳидин Обидов, деҳқон:
– Бизнинг Бухоро томонларда қиш қаттиқ келади. Шунинг учун яқин йиллардан буён эрта баҳор экилиши керак бўлган экинларнинг асосий қисмини иссиқхоналарда парвариш қилишга ўтганмиз. Ҳаво исиб, баҳорнинг ёмғирли кунлари ўтгандан сўнг қишлоқ аҳли томорқасига хонадон учун зарур маҳсулотларни эка бошлайди. Шу қаторда иссиқхоналардаги кўчатларни ҳам далага кўчиради. Икки-уч йилдан буён қиш ёғинсиз ва баҳорнинг эрта келиши муносабати билан одамлар дала ишларига анча эрта киришаётган эди. Бу йил ҳам шундай бўлди. Тўсатдан ёққан қор анча-мунча дала экинларига ўз таъсирини кўрсатди. Кўчатларга эмас, энди ниш чиқарган экинларга кўп зиёни тегди. Энди битта йўл бор – уруғни қайта экамиз ва кўп нарса йўқотмаймиз, пишиқчилик 10-15 кун кечикади холос. Бахтимизга қор ёмғир билан аралаш ёғди ва сурункали икки-уч кун давом этмади. Акс ҳолда кўп экинларни совуқ уриб, барчасини қайта экишга тўғри келарди.
Қирқ йилдан буён дехқончилик билан шуғулланаман. Экинни асраш, соғлом парвариш қилиш қон-қонимизга сингиб кетган. Эсимда, ўтган асрнинг 80-йилларида, адашмасам май ойида қор ёққан эди. Пишай деб қолган меваларни одамлар эгнидаги кийимларни, тагидаги кўрпача, гиламларни ёпиб, совуқдан асраган эди. Шу йил ҳам айрим хонадонларда кўрдим, томорқасидаги экинларни ана шундай меҳр кўрсатиб, совуқдан асраб қолди. Бу меҳрнинг самарасини пишиқчиликда деҳқон даласида, боғида етиштирган ҳосилни бирга баҳам кўрганимизда яна бир бор ҳис қиламиз, иншаоллоҳ.