Белгиланган вазифалар муҳокама марказида
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда вазирлик ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирокида»Ногиронликни белгилашнинг жаҳон андозаларига мос ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтиш борасида белгиланган устувор вазифалар» мавзусидаги матбуот анжумани ташкил этилди.
Тадбирда Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги директори А. Инаков, Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси бошлиғи У. Назарматов, Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси бошлиғи ўринбосари Н. Миржалилов ва бошқа мутасаддилар журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.
Таъкидландики, 2017–2020 йилларда Ўзбекистон Республикасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий ёрдам ва хизмат кўрсатиш, ногиронлиги бўлган шахсларни инклюзив таълим билан қамраб олиш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича мақсадли ишлар амалга оширилди.
Мазкур ислоҳотлар натижасида ногиронлиги бўлган шахсларга бепул бериладиган протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларининг рўйхати 22 турдан 27 тагача кўпайтирилди. Реабилитация техник воситалари ва протез-ортопедия буюмлари билан таъминлаш 47 мингтани ташкил этиб, 2017 йилга нисбатан 2 баробарга ошди. тиббий-ижтимоий муассасаларда 267,2 млрд. сўмлик, шу жумладан, 2017 йилда – 47,6 млрд. сўмлик, 2018 йилда – 74,9 млрд. сўмлик, 2019 йилда эса – 92,0 млрд сўмлик ва 2020 йилда – 52,7 млрд. сўмлик қурилиш-реконструкция ишлари бажарилди.
Шунингдек, кейинги йилларда ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва тиббий-ижтимоий экспертиза соҳасида ҳам меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар такомиллаштирилаётгани борасида муҳим фикрлар айтилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрь ПФ-5270-сон «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 июнь ПҚ-3787-сон «Протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари ишлаб чиқарилишини ривожлантириш ҳамда тиббий-ижтимоий муассасаларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида»ги ПФ-6155-сон Фармони шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг «Ногиронлик муаммолари бўйича Идоралараро кенгаш ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» Ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди, келишувдан ўтказилди ва ўрнатилган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритилди. Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг «Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш ҳудудий марказларининг Низомларини тасдиқлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланди.
Дарҳақиқат, ногиронлик бутун дунё ҳамжамияти қатори Ўзбекистонда ҳам долзарб ижтимоий масалалардан бири ҳисобланади.Ногиронликни келиб чиқиши турли салбий омилларга боғлиқ бўлиб, уларни бир нечта асосий гуруҳларга бўлиш мумкин.
Биринчидан, инсон омили. Фуқароларнинг ўз соғлиғига эътиборсизлиги, касалланишнинг олдини олиш борасида соғлом турмуш тарзини кечирмаслиги, зарарли одатлар – чекиш ва спиртли ичимликларни истеъмол қилиши, рационал овқатланмаслиги ва жисмоний тарбия билан шуғулланмасликлари, касалланиш белгилари намоён бўлганда, шифокорларга мурожаат қилмасликлари ва фаол даволанмаслиги.
Иккинчидан, тиббий омиллар –диспансер назоратидаги беморларнинг тизимли даволанмасликлари ёки узоқ ва сурункали касалланган беморларни, турли хил жароҳатлар, уларнинг асоратларини самарасиз даволаниши, хавфли ўсма касалликларини кеч диагностика қилиниши.
Учинчидан, ишчи-ходимларнинг иш жойларидаги салбий омиллар – айрим иш жойларининг чанг ва турли соғлиққа зарар келтирувчи газлар билан тўлганлиги, доимий елвизак шароитларнинг бўлиши, оғир жисмоний меҳнат қилиш, иш берувчилар ва ходимлар томонидан меҳнат ва техника хавфсизлигига эътибор бермаслик ва риоя қилмаслик.
Тўртинчидан,ижтимоий омиллар – фуқароларнинг ҳаётий оғир шароитларга тушиб қолишлари, моддий таъминотининг пасайиб кетиши, санитар меъёрлардан паст даражада овқатланишга мажбур бўлиш ҳоллари, бунинг натижасида оқсиллар, ёғлар ва углеводларнинг кунлик меъёрлардан кам миқдорда организмга тушишлари, санитар меъёрларга жавоб бермайдиган сифатсиз уй-жой, яшаш шароитларида яшашга мажбур бўлишлари, тоза ичимлик суви билан таъминланмаганликлари, салбий экологик ва техноген омилларнинг инсон организмига салбий таъсирлари.
Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаги Қонун (4-моддаси)га биноанбугунги кунда шахсни ногиронлиги бўлган шахс деб эътироф этиш иккита алоҳида тизим орқали, яъни 16 ёшгача бўлган болаларга «ногиронлиги бўлган бола» хулосасини бериш туман (шаҳар) даволаш-профилактика муассасаларида фаолият кўрсатаётган Тиббий-маслаҳат комиссиялари томонидан, 16 ёшдан катта шахсларга ногиронлик белгилаш эса Тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари тизими орқали амалга оширилиб келинаётган эди.
Ўзбекистон Республикасининг «Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисида» ги Қонуни қабул қилиниши муносабати билан «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун бекор қилиниб, амалда қабул қилинган ногиронликни белгилаш масалалари билан боғлиқ норматив ҳужжатлар ҳам такомиллаштирилади.
«Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Қонун талаблари асосида ногиронлик белгилашни тўлиқ қамраб олувчи ягона тизимни ташкил этиш, шаффоф, замонавий услуб ва мезонларини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг «Тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди, Адлия вазирлигидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилди.
Тадбир давомида мутасаддилар томонидан таъкидланганидек, тиббий-ижтимоий экспертиза фаолиятида шаффофлик таъминланади. Инсон туғилгандан токи умрининг охиригача даврни қамраб оладиган ягона экспертиза тизими яратилади. Тиббий-меҳнат экспертиза (ТМEК) тизимидан Тиббий-ижтимоий экспертиза (ТИEК) тизимига ўтилади.18 ёшгача бўлган болаларга ногиронликни белгиловчи 19 та педиатрия ТИEК ташкил этилади. Болаларда ногиронликни 16 ёшгача эмас, балки амалдаги қонунчиликка асосан 18 ёшгача этиб белгилаш тартиби жорий қилинади. Экспертиза ўтказиш жараёнида бюрократия ва фуқаролар оворагарчилигига барҳам берилади. Кўрикдан ўтиш муддатлари қисқартирилади ва тартиби соддалаштирилади.Фуқароларни сиртдан кўрикдан ўтказиш тартиби татбиқ этилади. Ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган шахсларни клиник-функционал текширувдан ўтказмасдан туриб, уларни ногиронлиги бўлган шахс деб топилганда ногиронлик муддатсиз белгилаш амалиёти жорий этилади.
Белгиланган топшириқлар ижроси доирасида ногиронликни белгилашнинг жаҳон андозаларига мос бўлган «ижтимоий модели»га босқичма-босқич ўтилиши таъминланади.
Анвар Қобилов,
Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги
Матбуот хизмати раҳбари