Белгиланган режа ортиғи билан бажарилди
“Навоийуран” давлат корхонасида 2024 йил биринчи ярим йиллигида ишлаб чиқариш фаолияти якунлари ҳамда 2024 йил учун белгиланган прогноз кўрсаткичларининг бажарилиши масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Дастлаб корхона Бош директори Жамол Файзуллаев биринчи ярим йилликда ишлаб чиқариш ва хўжалик фаолияти якунлари тўғрисида ахборот берди.

Таъкидланганидек, уран ишлаб чиқариш режаси 110, геология қидирув ишлар122, маҳсулдор эритмаларни қайта ишлаш ҳажми 122, уран қазиб олиш 111 фоизга бажарилган. Натижада экспорт ҳажми кўрсаткичлари 183, ўсиш суръати эса 167 фоизга бажарилган. Шунингдек, корхонада ўтган давр мобайнида инвестиция дастури лойиҳалари доирасида 48,5 миллион доллар капитал қўйилма ўзлаштирилиб, 48 та янги иш ўрни яратилган. Маҳаллийлаштириш дастуридаги 16 та лойиҳа доирасида 32,9 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.

Жорий йил иккинчи ярим йиллигида 25 та объектда 906 минг метрдан ортиқ бурғилаш ишларини бажариш, геология-қидирув ишлари натижасида уран захираларини 8025 тонна ва ураннинг башорат ресурсларини 10 минг тоннага ўстириш белгиланган. Бундан ташқари, Шимолий Букиной, Актау, Аулбек, Нуркон, Мойбулоқ конлари бўйича якуний геологик ҳисоботлар тузилиб, Давлат захиралари комиссиясига тақдим этиш режалаштирилган.

Йиғилишда 23 та бурғилаш ускунасини олиб келиш, дизель электр станциялари ва бошқа зарур товар моддий бойликларни харид қилишни тезлаштириш, уран ишлаб чиқариш заводидаги печни қайта реконструкция қилиш бўйича зарур бўладиган эҳтиёт ва бутловчи қисмларни олиб келиш масалалари муҳокама қилинди.

Хитойнинг CNUC компанияси билан имзоланган Стратегик келишувга мувофиқ қабул қилинган “Йўл хариталари” ижросини ўз вақтида таъминлаш, халқаро компаниялар билан геологик қидирув ишларини амалга ошириш бўйича қўшма корхона ташкил этиш, “Маъданли”, “Жантуар” ва “Косчека” конларининг 3Д моделларини яратиш, ишлаб чиқариш жараёнларини онлайн кузатиб бориш бўйича рақамли технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чораларини кўриш вазифаларига алоҳида эътибор қаратилди.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири