Белбоғли курашчиларимиз Хўжандда зафар қучди
Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида белбоғли кураш бўйича 2003-2004 йилларда туғилган ёшлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 39 та медаллар шодасини қўлга киритди.
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Бахтиёр Турғунпўлатов етакчилигида терма жамоамиз аъзолари 21 та давлатнинг 300 га яқин спортчилари билан кечган муросасиз баҳслар натижасида 12 олтин, 3 та кумуш ва 15 та бронза медалларини қўлга киритди. Ушбу кўрсаткич Ўзбекистон терма жамоасини умумжамоа ҳисобида фахрли биринчи ўринни эгаллашига замин яратди.


– Чемпионат ҳар жиҳатдан юқори даражада ташкил этилди. Асосийси, халқларимизнинг миллий спорт тури бўлган белбоғли кураш янада оммалашди. Баҳслар давомида Хўжанд спорт майдонида 30 марта Ўзбекистон байроғи кўтарилиб, 12 марта мадҳиямиз янграши курашчиларимизнинг катта ютуғи бўлди. Мусобақалар давомида Жамолиддин Неъматуллаев, Асадбек Маматалиев, Илёсбек Ёқубжонов, Камронбек Номозбоев, Бекзодбек Камолиддинов, Ойбекжон Муҳаммадов каби спортчиларимиз жамоамизнинг ғалабасига муносиб ҳисса қўшди, – дейди Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров.


Чемпионатнинг ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросимларида ҳамюртларимиз, Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси президенти Азизбек Ғаниев, Осиё белбоғли кураш конфедерацияси раиси Мўмин Муратов иштирок этди.
Т. Рўзиев, ЎзА