Ботир Нуруллаев олийгоҳ дипломисиз ҳам Ўзбекистонда энг юқори маош оладиганлардан бири. У Шимолий кон бошқармасига қарашли “Довгустов” конида оғир юк машинаси ҳайдайди. Халқ тили билан айтганда “Белазчи”.
У Бухоро вилояти, Шофиркон туманида туғилган. Гарчи мактабни аъло баҳоларга тамомлаган бўлса-да, оилавий шароит сабабли олийгоҳда ўқий олмади. Туман марказидаги авто мактабда ҳайдовчиликка ўқиб, 19 ёшида Учқудуққа келган. Шимолий кон бошқармасига ишга кирганига ҳам 28 йил бўлибди.

– Ўқувчилик йилларимда адабиётга қизиқардим. Шеърлар қоралаб, она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси бўлишни орзу қилардим, – дейди Б.Нуруллаев. – Устозим Ҳайит Сафаров қораламаларимни кўриб ўз маслаҳатларини берарди. Хуллас, адабиётга қизиқишим кун сайин, йил сайин ортиб борарди. Аммо оилада етти фарзанд эдик. Отамнинг бизни олий таълимда ўқитишга имкони йўқ эди. Мактабни тугатгач ҳайдовчиликка ўқиб, отамга ёрдам беришга қарор қилганман. Мана 1997 йилдан бери Учқудуқдаман. Конда ҳайдовчилик қиламан.
Дастлаб 40 тонналик автоағдаргични бошқарган Ботир кейинчалик 90 тонналик юкни бемалол пастдан тепага олиб чиқишга “ўрганди”.
Тўғри, бугун у моҳир ҳайдовчи, ёш ҳайдовчиларнинг устози. Аммо болаликдаги қизиқиши ҳамон у билан. Вақти-вақти билан қоғоз қоралаб туради. Спорт залига кирса, у моҳир курашчи.
Бугун у ўзи бошқараётган 90 тонналик “Коматцу” русумли автоағдаргичда ҳар куни 400 метрлик кон қаридан 300 тоннагача маъданни юқорига олиб чиқади.
– Юрар йўлларимиз карьер йўллари. Худди қоғозга чизиб қўйилгандек. Унда на бир светофор, на бир “Гаи” ходими бор. Аммо тартиббузарнинг ўзи йўқ. Чунки бу ерда хавфсизлик энг муҳим саналади, – дейди қаҳрамонимиз. – Ҳар куни иш соатимизни бошлашдан олдин “наряд топшириғи” оламиз. Меъёрдаги тезлик 40 км/соатдан ошмаслиги белгиланган. Аслида ҳам кон техникалари учун белгиланган тезликдан ошиш хавфли. Ҳар куни таркибида қимматбаҳо маъдан бўлган тошларни ташир эканман, 38 миллион ўзбек халқининг ризқини ташиётганимни ҳис этаман. Бу эса улкан масъулият.
Дарвоқе, Ботир Нуруллаев ишлаётган “Довғизтов” кони комбинатнинг илғор ва истиқболли конларидан бири бўлиб, бугунги кунда конда 700 нафардан зиёд ишчи-ходим меҳнат қилади. Жорий йилда кондан 45 миллион куб метрдан зиёд кон массаси қазиб олиш режалаштирилган. Бу ўтган йилгидан 25 фоиз кўп дегани. Режани бажаришда эса Ботир сингари ишчи-ходимларнинг алоҳида ўрни бор.
Албатта, Ботир Нуруллаевнинг меҳнатлари комбинат раҳбарияти эътиборидан четда қолмаган. У “НКМК фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган.
А.Бўриев, ЎзА мухбири