Беларусда "Янги Ўзбекистон" номли фотокўргазма очилди
Беларусь Республикасида ўтказилаётган “Ўзбекистон маданияти кунлари” доирасида “Янги Ўзбекистон” номли фотокўргазма ташкил этилди.
Кўргазмада Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, мамлакатнинг замонавий қиёфаси, тарихий ва маданий мероси, бетакрор меъморий обидалари, гўзал табиати, миллий қадриятлари ҳамда халқнинг бугунги ҳаётини акс эттирувчи 100 га яқин фотолавҳалар намойиш этилди.

Экспозициядан ўрин олган суратлар орқали ташриф буюрувчилар Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли, қадимий ва замонавий қиёфаси, сайёҳлик салоҳияти ҳамда бой маданий мероси билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.

Фотокўргазма Беларусь жамоатчилиги, маданият ва санъат намояндалари ҳамда ўзбек санъати ихлосмандларида катта қизиқиш уйғотди.

Ташриф буюрувчилар суратларда акс этган тарихий обидалар, замонавий бунёдкорлик ишлари ва миллий анъаналарни юксак баҳолаб, Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёти ҳақида ёрқин таассуротларга эга бўлди.
Мазкур фотокўргазма икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва замонавий тараққиётини халқаро жамоатчиликка кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда.
Г.Бобоева, ЎзА