Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Беларусь савдо тармоқлари Ўзбекистон маҳсулотларига қизиқиш билдираяпти

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов иштирокида Беларуснинг йирик чакана савдо тармоқлари вакиллари билан онлайн учрашув ўтказилди.

Мазкур мулоқот 2-6 март кунлари Беларусга амалга оширилган ташриф давомида эришилган келишувлар асосида ташкил этилди. Учрашувда Беларусь Республикаси монополияга қарши тартибга солиш ва савдо вазири ўринбосари Светлана Короткевич ҳамда Ўзбекистоннинг ушбу давлатдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Раҳматулла Назаров ҳам иштирок этди.

Тадбир давомида Беларусь бозорида Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига талаб мавжудлиги таъкидланди. Томонлар икки давлат ўртасида савдо ҳажмини ошириш ва иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилди.

Савдо-саноат палатаси хабар беришича, Ўзбекистондан ҳўл ва қуритилган мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини кенгайтириш, Беларусдан эса гўшт ва сут маҳсулотлари импортини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Шунингдек, тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш мақсадида Беларусь чакана савдо тармоқларининг юртимизга бизнес-миссияларини ташкил этиш таклифи илгари сурилди.

Учрашув якунида ишбилармонлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, яқин вақт ичида бизнес-миссияларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.

Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ,  

ЎзА