Бекобод инвестициялар самарасида ривожланмоқда
Шунга кўра, 5 корхона томонидан 10 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестициялар ўзлаштирилди.
Юртимизда карантин бўлишига қарамай иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларга тўғридан-тўғри инвестициялар оқими кириб келиши учун қулай шароитлар яратилмоқда.
Хусусан, жорий йилда Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида саноат соҳасида 33, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида 32, қишлоқ хўжалигида 8 та умумий қиймати қарийб 7 триллион 360 миллиард сўмлик 73 инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши кўзда тутилган эди.
– Жорий йилнинг ўтган 6 ойида Бекобод шаҳрида умумий қиймати 38 миллиард 533 миллион сўм бўлган 36 лойиҳа амалга оширилди, – деди Тошкент вилояти ҳокимининг ўринбосари Жамшид Абдусаломов. – Мазкур лойиҳалардан кутилган натижа эса қисқа фурсатларда ўз самарасини берди. Асосийси, ушбу инвестиция лойиҳаларининг ишга туширилиши замирида маҳаллий бюджетга 10 миллиард 945 миллион сўм миқдорида солиқ тушумлари келиб тушди. 317 янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, бекободлик 142 хотин-қизнинг доимий бандлиги таъминланди.
Бугунги кунда ҳудудда саноат соҳасини ривожлантириш бўйича 25 миллиард 341 миллион сўмлик 17, аҳолига хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида 45 миллиард 734 миллион сўмлик 26 лойиҳа ишга туширилди. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги йўналишида ҳам 6 лойиҳа амалга оширилмоқда.
Жорий йилда Бекобод шаҳрида 6 та хорижий лойиҳа амалга оширилиши ҳисобига жами 18,4 миллион доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштириши белгиланган эди. Шунга кўра, 5 корхона томонидан 10 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестициялар ўзлаштирилди.
Бугун ҳудудда бу борада самарали фаолият юритаётган, аҳолининг даромад манбаига айланиб улгурган ҳаракатдаги истиқболли лойиҳалар талайгина. Жумладан, “BEKOBOD-SINTEX” масъулияти чекланган жамияти ойна толали қувурлар ва лотоклар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлигида бунёд этилган ушбу қўшма корхона учун жами 7,1 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилган. Лойиҳа ишга туширилгач 60 доимий иш ўрни пайдо бўлади.
Ҳозирда мазкур қўшма корхонада бозор талабларига мос келадиган, пишиқ ва пухта ойна толали трубалар ва лотоклар ишлаб чиқариш технологияси кенг йўлга қўйилган. Бу ерда йилига 36 минг погона метр бўлган турли ўлчамдаги қувурлар ишлаб чиқарилмоқда. Ушбу маҳсулотлар асосан йўл ва сув хўжалигига оид қурилишда ишлатилади.
Бекобод шаҳрида хорижий инвестиция лойиҳалари асосида ишга туширилган яна бир қўшма корхоналардан бири “BEKOBOD OGNEUPOR” саноат корхонаси ҳисобланади. Ушбу корхона учун 1 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция жалб этилган бўлиб, унда йилига импорт ўрнини босувчи 40 минг дона ўтга чидамли ғишт, трубка ва шу каби маҳсулотларни ишлаб чиқариш кенг йўлга қўйилган. Хусусан, корхонада тайёрланаётган ғиштлар ҳар қандай юқори ҳароратга чидамли, оловбардошлилик хусусиятига эга. Шу боис, улар ички бозорда ҳам жуда харидоргир.
Таъкидлаш жоизки, келгусида Бекобод шаҳрида яна 3 йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши кўзда тутилган. Енгил саноат йўналишида фаолият юритилиши кутилаётган лойиҳалар асосида матоларга ранг бериш, хомашёдан тайёр мато тўқиш ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш технологияси йўлга қўйилади.