“Беҳизор” – пойтахтнинг энг намунали маҳалласи
Бугун самарали ишлаётган маҳаллалар фаолиятини ибрат тарзида кўрсатиш, уларнинг илғор иш тажрибасини оммалаштириш ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир.
Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида Президентимизнинг тегишли топшириғи асосида 2024 йилнинг октябрь-декабрь ойларида Тошкент шаҳридаги маҳаллалар ўртасида бўлиб ўтган “Энг намунали маҳалла” танловининг ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир ўтказилди.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларида маҳаллаларнинг ҳиссаси ўзига хос эканини таъкидлаб, одамларнинг муаммоларини ўрганишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари олдидаги долзарб вазифалар хусусида батафсил сўзлади.

Мазкур танловдан кўзланган асосий мақсад ҳудудларда маҳаллаларнинг илғор тажрибаларини оммалаштириш, тизим ходимларининг фаолият самарадорлигини ошириш ҳамда намунали маҳаллалар доирасини кенгайтириш, маҳаллаларни ишсизлик, жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантириш, оилавий ажримларга барҳам бериш, шароити оғир хонадонларга, ёлғиз фуқароларга кўмаклашиш, “Яшил макон“ лойиҳаси доирасида маҳаллаларнинг кўкаламзорлаштириш борасидаги ролини кучайтиришдан иборатдир.

Танловда пойтахтимиздаги маҳаллалар фаол иштирок этди.
Якуний натижаларга кўра, биринчи ўринга Тошкент шаҳридаги “Беҳизор” маҳалла фуқаролар йиғини муносиб топилди. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Убайдулла Минавархўжаевга Президент совғаси сифатида BYD электромобилининг калити тантанали топширилди.
Шу билан бирга танловда иккинчи ва учинчи ўринни олган маҳаллалар ҳам пул мукофотлари билан тақдирланди.
Н.Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА.