Беҳбудий – жадид маърифатпарварларининг отаси
Ўзбекистонда театр санъатининг қарор топиши, маърифатпарварлик ғояларининг кенг тарғиб этилишида жонбозлик кўрсатган жадид боболаримиздан бири Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг миллатимиз олдидаги хизматлари беқиёс. Бу йил юртимизда Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш учун қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Бунда “Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги Президент қарори алоҳида аҳамият касб этади.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи экспозиция бўлими бошлиғи Азиза Аҳророва Маҳмудхўжа Беҳбудий фаолияти, унинг Ватан олдидаги фидойилиги ва ушбу қарор моҳияти тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Юртимизда жадидчилик ҳаракати намояндаларига жуда юксак даражада эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан, Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлашга қаратилган Президент қарори бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг яна бир намунаси бўлди.

Таъкидлаш лозимки, жадидчилик намояндаларининг ғоялари ҳозирги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Маҳмудхўжа Беҳбудий жадид маърифатпарварларининг отаси ҳисобланади.
Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейида жадидчилик ҳаракатига бағишланган алоҳида экспозициямиз бор ва унинг бошланишида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг расми жой олган. Чунки у юқорида таъкидлаганимдек, жадидчилик ҳаракатининг отасидир. Ўрта Осиёда биринчи бўлиб Маҳмудхўжа Беҳбудий томонидан жадид мактаблари очила бошланган.
Самарқандда таваллуд топган Беҳбудий тоғаси Муҳаммад Сиддиқ ёрдамида хат-саводини чиқарган, эски мактаб-мадрасада ўқиган, араб тилини ўрганган. Қозихоналарда мирзалик, қозилик вазифаларида ишлаган. 1893-1900 йилларда Яқин Шарқ мамлакатларига, шу жумладан, Макка шаҳрига Ҳаж сафарига боради. Кейинроқ Москва, Петербург, Қозон, Уфа шаҳарларида бўлиб, таълим-тарбия масканлари билан танишади. 1914 йилда Миср, Арабистон давлатларида бўлади. У ҳамиша бидъат ва хурофотга қарши кураш олиб борган. Ўз асарларида ислом динининг асл моҳиятини тўғри тушуниш лозимлигини уқтирган, миллий масалаларга кенг эътибор берган, даврий матбуот нашрларида замонасининг долзарб масалаларига бағишланган ижтимоий, сиёсий, тарихий, адабий, маънавий-маърифий мақолалари билан фаол иштирок этган.
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ўтган асрнинг 1915 йилларидан бошлаб Россия, Туркия, Туркистон матбуотида 300 га яқин мақоласи, 13 та дарслик, бадиий ва таржима асарлари эълон қилинган. Ушбу мақолаларнинг асосий қисмини таълим-тарбия, маърифатпарварлик ва маданий ғоялар ташкил этади. У 1913 йилда Самарқандда маърифат, маданият ғояларини тарғиб этадиган “Самарқанд” газетаси ва “Ойина” журналини нашр эта бошлайди. Беҳбудийнинг “Падаркуш” номли биринчи ўзбек драмаси 1914 йилда саҳнага қўйилади. Беҳбудий янги усул мактабларининг илк тарғиботчиси ва асосчиси ҳисобланади. Шунингдек, ушбу мактаблар учун дарсликлар яратган йирик маърифатпарвардир.

Беҳбудий Туркистоннинг мустақил ва озод бўлиши йўлида тинимсиз курашди ва бу йўлда жонини фидо қилди. Унинг “Ҳақ олинур, берилмас” деган сўзлари жадидларнинг шиорига айланди.
Советлар ташкил этган қирғинлар, адолатсизликлар авжига чиққанида, бу ҳақда жаҳонга маълум қилиш учун йўлга отланган Беҳбудий душман томонидан қатл этилади. Ҳозиргача унинг қабри қаерда эканлиги маълум эмас.
Беҳбудийнинг ғоялари, қарашлари ёш авлодга ибрат мактаби бўлади. Умуман, жадидчилик ҳаракати вакиллари ўз Ватанини севиб, унинг озодлиги, ривожланиши ва тараққий этиши учун курашган халқпарвар ва фидойи инсонлардир. Бугунги ёшларимиз уларга муносиб ворис бўлиш учун жадидларимиз ва уларнинг ҳаёти, фаолияти, ғоя ва қарашларини яқиндан билишлари, ўрганишлари лозим.
Шу маънода давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори алоҳида аҳамиятга эга муҳим ҳужжат бўлди. Қарорда белгиланган чора-тадбирлар ёш авлоднинг ўз аждодлари ҳақида янада кенг билишлари, уларга муносиб авлод бўлишлари ҳамда ватанпарварлик руҳида улғайишларига хизмат қилади.
ЎзА мухбири Муҳтарама Комилова ёзиб олди.