Излаган – имкон топар, ҳаракат қилган – мақсадга етар, дейишади. Бу ҳаётий ҳақиқат Сирдарё вилоятининг Гулистон туманидаги Ишонч маҳалласида яшовчи тадбиркор Мухторжон Мадаминов фаолиятида яққол акс этган.
Қаҳрамонимиз 7 йил аввал бедана парвариши билан шуғулланишни бошлаган бўлса, бугунги кунда нафақат ўз оиласи фаровонлигини таъминлаб келмоқда, балки маҳаллий бозорларимизнинг тўкин-сочинлигига ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Айни пайтда у киши 5 мингдан ортиқ беданани парваришламоқда.

– Беданани парваришлаш унчалик қийин эмас,– дейди Мухторжон ака. – Битта бедана кунда 25 грамм, 5000 та бедана эса тахминан 125 килограмм озуқа ейди. Уларни тўғри овқатлантириш ва санитария талабларига амал қилиш жуда муҳим.

Беданалар 40-45 кунлик бўлганида тухум қўя бошлайди. Уларнинг тухуми нафақат таъмли, балки шифобахш хусусиятлари билан ҳам қадрланади.
– Бошида 100 та бедана билан иш бошлаганман, ҳозир эса беданалар сони сони 5000 тага етди, – дейди у фахр билан.

Унинг таъкидлашича, беданалар учун қулай муҳит яратиш, ҳарорат ва ёруғликни назорат қилиш катта аҳамиятга эга. “Эътибор билан қарасангиз, бедана ҳам даромад, ҳам шифо беради,” дея хулоса қилади у.

Энг муҳими, бедана парвариши катта сармоя ёки оғир меҳнат талаб этмайди. Улар тез ўсади, 40-45 кун ичида тухумга киради, полапонларнинг тахминан 95 фоизи яшаб кетади. Етарли озуқа ва парвариш бўлса, натижа кутилганидан ҳам яхши бўлади.
Айни пайтда Мухторжон аканинг 1 700 бош беданаси тухум беради. Улар кунда 1 200-1 300 дона тухум қўяди. Бу эса йил давомида 25 миллион сўмдан ортиқ соф даромад олиш имконини яратади.
– Аввал иккилангандим. Лекин ҳаракат қилдим ва натижа-чи, ёмон эмас. Энг муҳими, ишни меҳр-муҳаббат билан қилиш керак, – дейди у ўз тажрибасидан келиб чиқиб.
Бедана маҳсулотларига талабнинг ортиши, албатта, унинг шифобахшлик хусусиятлари билан боғлиқ. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилоят филиали бош шифокори Шароф Соатмуродов бунга қуйидагича изоҳ беради:
– Бедананинг гўшти парҳезбоп, ҳазм қилиш осон. У жигар ва меъда муаммолари бор беморлар учун тавсия этилади. Шунингдек, тухуми В, А, D витаминлари, темир ва фосфорга бой. У иммунитетни мустаҳкамлайди, қон айланишини яхшилайди, стрессни камайтиради ва мия фаолиятини қўллаб-қувватлайди.
Мухтасар айтганда, беданачилик – бугунги кунда тадбиркорликнинг истиқболли, камхаражат ва яхши самара берадиган йўналишларидан бири. У нафақат оилавий даромад манбаи, балки мамлакатда кичик бизнесни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири