Бебаҳо хазинани асраш – барчанинг бурчи
Мусиқа санъати ва тилнинг ўзаро муносабати қандай?
21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
Мусиқа санъати ва тилнинг ўзаро муносабати қандай? Санъаткорнинг тилга бўлган масъулиятининг мезонлари нималардан иборат? Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, композитор, профессор Рустам АБДУЛЛАЕВ бу ҳақида ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Санъат ва тил масаласи бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Ўзлиги, миллатига ҳурмат билан қарайдиган инсон борки, она тилига ҳурмат билан ёндашади. Уни қадрлайди ва эъзозлайди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи ҳамон онгимизда, қулоқларимиз остида жаранглаб турибди.
Дарҳақиқат, дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир.
Она тилимизнинг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлсак, оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитиш, бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутиш керак.
Кейинги йилларда мақом, бахшичилик санъати бўйича халқаро миқёсда фестивалларнинг ўтказилиши, бу йўналишда мактаблар ташкил этилиб, ранг-баранг ижодий лойиҳаларнинг йўлга қўйилиши мусиқа санъати орқали тилга, маънавиятга бўлган эътиборнинг амалий ифодасидан далолатдир. Композиторлик ижодиётида ҳам қўшиқ ва романсларнинг яратилиши бевосита шеърият билан боғлиқ эканлиги она тилимизнинг ҳар қадамда миллий санъатимизга таъсир кучини кўрсатишидан дарак беради. Ўзбекистон композиторлик мактабининг тараққиёт босқичига назар ташлар эканмиз, унда ҳар бир ижодкорнинг ижодий бисотида қўшиқ, романс ва вокал мусиқасига оид катта ва кичик жанрда асарлар яратилганлигининг гувоҳи бўламиз. Мутал Бурҳонов, Икром Акбаров, Собир Бобоев, Шариф Рамазонов, Мустафо Бафоев, Ҳабибулла Раҳимов, Надим Норхўжаев, Ғани Холиқов, Аваз Мансуров, Ойдин Абдуллаева ва бошқа кўплаб композиторларимизнинг мумтоз ва замонавий шоирлар шеърларига басталаган вокал асарлари бугунги кунда ёшларимиз маънавиятини бойитиш йўлида хизмат қилиб келмоқда.
Алишер Навоий, Ҳофиз Шерозий, замондошлардан Нормурод Нарзуллаев, Мирпўлат Мирзо, Пўлат Мўмин, Минҳожиддин Мирзо ва бошқа шоирларимиз шеър ва ғазалларига яратган 100 дан ортиқ қўшиқ ва романсларим, вокал туркумларим хонандалар ижросида халқимиз эътиборига ҳавола этиб келинмоқда. Бу ўзбек тилининг композиторлик ижодиёти ривожи ва унинг мезонларини белгилаб бериш йўлида нечоғлик муҳим ўрин тутишидан далолат беради.
Ўзбек мумтоз шеърияти намояндалари, ғазал мулкининг султони Алишер Навоий, Бобур, Увайсий, Нодира, Фурқат, Завқий, Феруз, Муқимий каби адибларнинг ўлмас сатрларидан, бетакрор миллий мумтоз ашулаларимиздан она тилимизнинг бор латофати, мафтункорлигини дилдан ҳис этамиз. Ўзбек классик шоирларига айланган Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Зулфия, Нормурод Нарзуллаев, замондошларимиз Иқбол Мирзо, Сирожиддин Саййид, Муҳаммад Али каби етакчи қалам соҳиблари ижоди миллий тилимизга бўлган ғурур ва ифтихоримизни янада оширади. Асрлар оша сайқалланиб келаётган наволар бебаҳо она тилимиз билан ажиб уйғунликда янада кўпроқ жозиба касб этади. Сўзнинг, тилнинг масъулиятини санъаткор, ҳофиз теран ҳис этгани боис мумтоз ва замонавий мусиқий асарларимиз наинки юртимиз, балки хорижда ҳам тингловчилар томонидан севиб тингланади.
Албатта, қўшиқнинг жозибаси унинг сўзлари нечоғли сермаънолиги, хонанданинг ҳар бир сўзни заргарона ишлата билиши билан бирга мукаммал, тоза талаффуз билан ҳам белгиланади. Афсуски, баъзи хонандалар, айниқса, ёшларимиз ижодида она тилимизга бўлган бепарволик, сўзларни маъносини англамаган ҳолда қўллаш, билиб-билмай, нотўғри талаффуз қилиш ҳоллари кузатилади. Қўшиқ ижроси жараёнида тил қонуниятларини бузиш, мухлислар билан мулоқот чоғида она тили қолиб, ўзга тилда сўзлашиш каби ҳолатларни назаримда ҳеч қандай важ билан оқлаб бўлмайди. Санъаткор маърифат, зиё тарқатувчисидир. Асрий анъаналаримиз, миллийлигимиз, бой ва бетакрор ўзбек тилимиздан унумли фойдаланишимиз, уни қадрлашимиз ва келажак авлодга бешикаст етказишимиз муҳим.
Она тилимиз – бебаҳо хазинамиз. Уни асраб-авайлаш, ҳурмат билан муносабатда бўлиш наинки тилшунослар, олимлар, балки барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.