BCI вакили Ўзбекистонда пахтачиликда халқаро талабларга мос ишлаб чиқариш тизими шаклланганини эътироф этди
Олий Мажлис Сенатига BCI (Better Cotton Initiative) халқаро нотижорат ташкилотининг бош операцион директори Лена Стаафгард бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева билан учрашувда Ўзбекистонда пахта-тўқимачилик тармоғини барқарор ривожлантириш, халқаро стандартларни жорий этиш, фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда соҳада шаффофликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида пахтачилик соҳасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, мажбурий меҳнатга барҳам бериш, меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш ва халқаро талабларга мос ишлаб чиқариш тизимини шакллантириш борасида эришилган натижалар қайд этилди.
BCI дастурининг Ўзбекистондаги қамрови кенгайиб бораётгани ижобий баҳоланди. Жорий йилда дастур иштирокчилари сони икки баробарга ошгани қайд этилиб, сертификатлаштириш тизимини ривожлантириш ҳамда халқаро стандартларни миллий тизимга интеграция қилиш бўйича ҳамкорликни кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Фермерларнинг ҳуқуқий кафолатларини янада мустаҳкамлаш, нарх белгилашда шаффофликни таъминлаш, молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш ва экологик барқарор технологияларни жорий этиш борасида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Мазкур йўналишда қўшма ишчи гуруҳ тузиш ва тегишли «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш, маҳсулотларнинг ишлаб чиқаришдан истеъмолчигача бўлган ҳаракатини кузатишга мўлжалланган «TRACE» ва «UZ TRUST» рақамли тизимларини жорий этиш масалаларига эътибор қаратилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА