Байроғимиз шарафига тадбирлар ўтказилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 34 йиллиги муносабати билан Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти бошқармаси томонидан “Бир эл, бир Ватан, бир байроқ” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирни бошқарма бошлиғи ўринбосари Ҳамидилла Масаитов очиб, йиғилганларни қутлуғ сана – Давлат байроғи қабул қилинган кун билан табриклади. У нутқида байроғимизнинг миллий ифтихор ва мустақиллик рамзи сифатида тутган ўрни, унинг ҳар бир юртдошимиз қалбидаги аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.
Йиғилишда Республика маърифат тарғиботчилари жамияти аъзоси, маънавий-маърифий ишлар аълочиси, Андижон давлат техника институти катта ўқитувчиси Муҳтарам Холиқова ҳамда Республика маънавият ва маърифат маркази Андижон вилояти бўлими мутахассиси Марғуба Хотамова иштирок этди. Улар Давлат байроғининг яратилиш тарихи, рамзий маъноси ва бугунги кундаги аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирди.
Таъкидланишича, Давлат байроғимиз халқимизнинг асрий орзу-умидлари, меҳнатсеварлиги, меҳмондўстлиги ва эзгу мақсадларини ўзида мужассам этган муқаддас тимсолдир. Бугунги кунда у мамлакатимиздаги барча давлат идоралари, таълим муассасалари, халқаро ташкилотлар ва спорт мусобақаларида ифтихор билан ҳилпираб, юртимиз шарафини, халқимиз ғурурини ифода этиб келмоқда.
[gallery-26236]
Тадбир давомида Андижон шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари байроғимиз ва Ватан мадҳига бағишланган шеърлар ижро этди. Ёшларнинг чиқишлари иштирокчиларда юксак руҳ ва фахр туйғуларини уйғотди. Шунингдек, байроғимиз тарихи ҳақидаги видеолавҳа ҳам намойиш этилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари