Байроғимиз Ўзбекистон суверенитети рамзидир
Кувайтнинг “Q8 Press” нашри “Ўзбекистонда Давлат байроғи куни нишонланмоқда” сарлавҳали мақола эълон қилди.
Мақолада байроғимиз халқаро муносабатларда республикамизни ифодаловчи рамз сифатида хорижда ҳам ғурур билан ҳилпираши эътироф этилган.
Шу муносабат билан қатор тадбирлар уюштирилиши, айни сана ватанпарварлик руҳида ўтказилиши таъкидланган.
Муаллиф “Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи тўғрисида”ги қонун 1991 йил 18 ноябрда Олий Кенгашнинг навбатдан ташқари VII сессиясида қабул қилинганига эътибор қаратган.
Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли ҳисобланади. Давлатчилигимиз тарихининг қайси даврини олмайлик, байроқ аждодлар учун куч-қудрат, жасорат, ғалаба тимсоли бўлган.
Байроғимиз 1992 йил 2 мартдан Ўзбекистон тўлақонли суверен республика сифатида тан олинганининг рамзи сифатида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош қароргоҳи пештоқида ҳам ҳилпирай бошлаган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА