Байроғимиз – фахру ғуруримиз
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жиззах шаҳрида ҳам Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинганининг 31 йиллиги муносабати билан катта байрам дастури ўтказилди.
Мустақиллик майдонида ташкил этилган тадбирда Президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Нодир Холбўтаев сўзга чиқиб, ўзида катта маъно-мазмун мужассам этган, юксак дид ва маҳорат билан пухта ишланган, ўзбек аҳлининг асрий орзу-истакларини, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни, аждодлар ёди ҳамда миллат ғурурини мужассам этган байроғимиз барча мамлакатларнинг давлат рамзлари орасида алоҳида ҳурмат ва эҳтиромга сазовор эканлиги ҳақида тўлқинланиб гапирди.
[gallery-9648]
Шунингдек, тадбир доирасида шу кунларда юртимиз бўйлаб нишонланаётган “Маънавият фестивали”га ҳам аҳамият қаратилди. Фестивалдан кўзланган асосий мақсад ёшларнинг фаол фуқаролик позициясини шакллантириш, уларнинг жамият ривожидаги фаоллигини ошириш, бағрикенгликка асосланган миллатлараро муомала маданиятини кучайтиришдан иборат. Байрам тадбири ўқувчиларнинг она Ватан, байроқ ва истиқлолни улуғловчи шеърлари, санъаткорларнинг куй-қўшиқлари билан давом этди.
– Ўзбекистон мен учун жонажон Ватан, - дейди тадбир меҳмони, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим. – Ота маконим, она диёрим менинг, бу Ватанда ўсиб, улғайдик. Фарзандларимиз тақдири шу юрт келажаги билан боғлиқ. Давлатимиз байроғи мамлакатимиздаги дўстлик ва аҳиллик муҳити, миллатлараро тотувликни таъминлашга, устувор мақсадларни ривожлантиришга хизмат қиладиган давлат рамзларидан биридир. Байроғимиз тинч ва осойишта, озод ва эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз рамзи сифатида доимо баланд ҳилпирайверсин!
Тадбирда ҳарбий қисм аскарлари ва “Темурбеклар мактаби” ўқувчилари иштирокида ватанпарварлик мавзусида саф қўшиқлари ҳамда ҳарбий жанг санъати намуналари асосида саҳна кўринишлари намойиш этилди. Она Ватан, дўстлик ва ёшлик, истиқлолни тараннум этган куй-қўшиқлар барчага завқ улашди.
Жамшид ЁРБЕКОВ(сурат),ЎзА