“Байроғимиз – фахримиз, ғуруримиз”
18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан Бухоро вилояти Вобкент тумани ҳокимлиги ташаббуси билан “Байроғимиз – фахримиз, ғуруримиз” шиори остида юриш марафони ташкил этилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 33 йиллигини кенг нишонлаш, давлат рамзларига нисбатан ҳурмат туйғуларини янада юксалтириш, “Бешта муҳим ташаббус” доирасида тизимда амалга оширилаётган ишлар кўламини кенгайтириш, давлат ташкилотлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ҳамда спортни оммалаштириш мақсадида ўтказилди. Юриш марафони Вобкент тумани маркази Ғ.Ғулом кўчаси бўйлаб тумандаги марказий ўйингоҳда давом этди.


Умумий узунлиги 1,5 километр масофа бўлган марафонда Вобкент туман ҳокими Фарҳод Умаров бошчилигида сектор раҳбарлари, ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари, Вобкент тумани тиббиёт бирлашмаси ходимлари, Спорт мактаби, Мактабгача ва мактаб таълими бўлими, Ёшлар ишлари агентлиги, маҳалла ходимлари ва кўнгилли ёшлардан иборат 500 га яқин фуқаролар қатнашди.
– Ушбу тадбирнинг давлатимиз байроғи қабул қилинган кун муносабати билан ўтказилаётганининг аҳамияти катта, – дейди туман ҳокими Фарҳод Умаров. – Зеро, мустақиллигимиз, миллий ғуруримиз тимсоли бўлган ушбу давлат рамзи ҳар биримизни юксак марралар сари руҳлантиради.

Тадбирлар вилоятнинг барча ҳудудларида ҳам бўлиб ўтмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири