Аёл каби нозик хилқатнинг жиноят содир этиши ачинарли ҳол. Албатта, жиноят содир этиб жазога тортилиб келаётган аёллар ҳақида тез-тез эшитиб турамиз.
Жазолашдан мақсад уларни ва бошқа шахсларни келгусида бу каби жиноятларни содир этмаслигининг олдини олиш, ахлоқан тузатиш ва уларни кундалик ҳаёт тарзига қайтаришга кўмаклашишдан иборатдир.
Қонунга кўра, шахс тайинланган жазонинг маълум қисмини амалда ўтаб, ўзига тегишли хулоса чиқариб, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлса ва белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилса, жазодан муддатидан илгари озод қилиниши мумкин.
Тошлоқ тумани, «Бесаранг» маҳалласида яшаб келган Х.Мамадолимова 2017 йил 7 август куни жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар судининг ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖК 168-моддаси 3-қисмининг «а» банди билан айбдор деб топилиб, беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. 2019 йил апрель ойида озодликдан маҳрум қилиш жазосининг қолган қисми енгилроқ – ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган. Ўтган давр мобайнида Х.Мамадолимова ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаб, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлиб келган.
Суднинг ташаббуси ҳамда Тошлоқ туман ИИБ Пробация гуруҳининг тақдимномаси асосида 2021 йил 5 март куни Х.Мамадолимова 1 йил 7 ой 11 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўташдан муддатидан аввал шартли равишда озод қилиниб, инсонпарварлик таомили амалда қўлланилди. Қонун асосида унга енгиллик берилди.
Х.Мамадолимова суд мажлисида қилмишидан қаттиқ пушаймон бўлгани ва ўзига хулоса чиқариб олганини билдириб, бошқа қонунга хилоф қилмишлар содир этмаслигига ваъда берди.
8 март Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан бир аёлга қонун йўли билан кўмак кўрсатилди.
А.Акрамов,
Жиноят ишлари бўйича
Тошлоқ туман судининг раиси.
Д.Холиқназарова,
Фарғона вилоят судининг
судьяси