АҚШ президенти Жо Байден 21 июль куни президентлик пойгасидан чиқаётганини эълон қилди. Бу ҳақдаги хабар унинг расмий саҳифаларида маълум қилинди.
- Сизнинг президентингиз сифатида хизмат қилиш мен учун ҳаётимдаги энг катта шараф бўлди, -деб ёзди у америкаликларга мурожаатида. - Мен қайта сайланиш ниятида бўлган бўлсам-да, номзодимни қайтариб олиш ва бутун эътиборимни фақат президентлик муддатимнинг қолган қисмида ўз вазифамни бажаришга қаратишим партиям ва мамлакат манфаатларига мос келади, деб ҳисоблайман.

Байден яқинда бўлиб ўтган Республикачилар партияси номзоди Дональд Трампга қарши дебатда муваффақиятсиз иштирок этганидан сўнг Демократик партия вакиллари Байденни сайловолди кампаниясидан чиқишга ундай бошлаганди.
- Америка қила олмайдиган ҳеч нарса йўқ — агар биз буни биргаликда бажарсак. Америка Қўшма Штатлари эканлигимизни унутмаслигимиз керак, -дея хулоса қилган Байден.
81 ёшли Байден сайлов пойгасини тарк этгач, вице-президент Камала Ҳаррисни президентлик учун номзодини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди ва демократларни "Трампни мағлуб этишга" чақирди.
Орадан бироз ўтиб, Трамп Байденнинг сайловда қатнашишдан воз кечишига изоҳ берди. Трампнинг “CNN”телеканалига берган баёнотига кўра, Ҳаррисни мағлуб этиш Байденга нисбатан осонроқ бўлади.
Трамп шунингдек, Байденни "мамлакат тарихидаги энг ёмон президент" деб атади.
Ў.Алимов,
ЎзА