Бахтли болаликнинг қувончли дамлари
Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган байрам тадбири Қорақалпоғистон Республикаси мактабгача таълим вазирлиги тасарруфидаги «Имкон» Оролбўйи минтақаси болалари учун реабилитация марказига эга давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотида ҳам бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 августдаги “Оролбўйи минтақаси болалари учун реабилитация марказига эга бўлган давлат ихтисослаштирилган кўп тармоқли мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида қурилиб, 2019 йилда фойдаланишга топширилган мактабгача таълим ташкилоти 120 ўринга мўлжалланган.
Марказга эшитишида, психологик ривожланишида ва ҳаракат тизимида нуқсони бўлган 2 ёшдан 7 ёшгача болалар қабул қилинади. Шу билан бирга, 2 ёшдан 16 ёшгача болалар ва ўсмирлар ҳам реабилитация марказига қатнаши мумкин.
[gallery-2638]
Ташкилотда Россия Федерациясининг Москва шаҳридаги “Болалик” реабилитация маркази, Санкт-Петербург шаҳридаги А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети, Корея Республикасида тажриба орттириб келган педагоглар, тиббиёт ходимлари ва дефектологлар фаолият олиб бормоқда.
Ҳозирги вақтда бу болалар боғчасида 137 нафар юқори малакали тиббиёт ходими ва тажрибали педагог кадрлар коррекциявий педагогика фаолиятини олиб бормоқда. Бу ерда болаларнинг саломатлигини тиклаш, уларга билим ва тарбия бериш учун барча имкониятлар яратилган.
Тадбирда боғча тарбияланувчилари, санъат усталари ва Қорақалпоқ давлат Қўғирчоқ театри жамоаси ижросидаги концерт дастури барчага хушкайфият бағишлади.
Мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиларига ҳомийлар томонидан байрам совғалари топширилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов иштирок этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА