Барқарорлик ва тараққиёт пойдевори
Яқинда Берлинда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда Германияда меҳнат фаолиятини юритаётган ва таҳсил олаётган ватандошларимиз иштирок этди.
Ушбу тантанали тадбирда бир гуруҳ ватандошларимиз Бош қомусимизнинг қадр-қиммати ва аҳамияти ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Элбек Яхшиев, “Германия темир йўллари” компанияси лойиҳачи инженери:
– Мен “Германия темир йўллари” (Deutsche Bahn) компаниясида лойиҳачи инженер лавозимида фаолият олиб бораман. Германияга оилавий келганмиз. Турмуш ўртоғим немис тили ўқитувчиси бўлиб ишлайди. Яқинда Бош Қомусимиз қабул қилинганининг 31 йиллиги юртимизда кенг нишонланди. Конституциямиз Ватанимиз равнақи ва жамиятимизнинг ривожланишига муҳим ва асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда. Халқимиз томонидан қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямиз қаерда бўлмайлик, бизнинг ҳақ-ҳуқуқларимизни ҳимоя қилиш билан бирга, фаровон ҳаётимизни қуришга қаратилгани билан қадрлидир.


Шохжаҳон Қосимов, Бавария федерал ўлкаси Ной-Ульм Амалий фанлар университети талабаси:
– Барқарорлик ва тараққиёт пойдевори бўлган янгиланган Асосий қонунимиз билан фахрланиш туйғуси кишига ўзгача хурсандчилик бахш этади. Халқимиз томонидан қабул қилинган Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрири ҳуқуқларимизни қўллаб-қувватлаши баробарида қадр-қимматимизни мустаҳкамлайди ва албатта, фаровон ҳаёт қуришимизга хизмат қилади.

Диёра Сайфиддинова, Шимолий Рейн-Вестфалия федерал ўлкаси Бонн-Рейн-Зиег Амалий фанлар университети талабаси:
– Она юртдан узоқда яшашнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Айниқса, яқинлар ва Ватан соғинчи бизни Ўзбекистонимизга ундайверади. Лекин масъулият ҳам бор: бу шу гўзал диёрга муносиб фарзанд бўлиш, билим ва салоҳиятни оширишдир. Мен шу мақсадда Германияда таҳсил оляпман.
Мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси томонидан ўтказилган тадбирда иштирок этиш менга қанчалар қувонч бахш этганини сўз билан ифодалай олмайман. Ўзбекистон фуқароси сифатида катта ғурур ва ифтихор туйдим.
Бош қомусимиз фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, мустақил демократик давлатнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Янги Ўзбекистоннинг янгидан таҳрир қилинган Конституцияси бундан буён ҳам мамлакатимизнинг янада ривожланиб, гуллаб-яшнашига, фуқароларимизнинг ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилишида ҳуқуқий асосдир.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА