Барқарор туризм бўйича тренинглар якунланди
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида DMO Karakalpakstan жамоат бирлашмаси томонидан Европа Иттифоқи, Конрад Аденауэр жамғармаси ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати молиявий кўмагида амалга оширилаётган “Youth and Women as Ambassadors of Sustainable Tourism in Karakalpakstan” лойиҳаси доирасида бир қатор семинар-тренинглар якунланди.
Июнь ойи давомида Мўйноқ ва Хўжайли туманлари ҳамда Нукус шаҳрида барқарор туризм ҳамда маҳаллий ташаббусларни ривожлантиришга қизиқувчи фаол ёшлар ва аёлларни бирлаштирган таълим тадбирлари ўтказилди.
Уч кунлик тренинглар дастури барқарор туризм ва маҳаллий туризм ташаббусларини ривожлантириш, экология ва иқлим ўзгариши, экологик масъулиятли туризм, шунингдек, етакчилик, маҳаллий ташаббусларни тарғиб мавзуларини ўз ичига олди. Тренинг назарий машғулотларни амалий ишлар билан уйғунлаштириб, иштирокчиларга лойиҳавий фикрлаш, мулоқот ва жамоада ишлаш кўникмаларини ривожлантиришга ёрдам берди.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, Мўйноқ тумани ёшлари ва хотин-қизларининг фаол иштироки барчани руҳлантирди. Кундалик ташвишлар ва бандликка қарамай, кўплаб иштирокчилар машғулотларни ўтказиб юбормаслик учун ҳар куни 25 километрдан ортиқ масофани босиб ўтишди. Дастурга бўлган юқори қизиқиш иштирокчилар сонини режалаштирилган 10 нафардан 12 нафаргача кенгайтириш имконини берди.
Уч босқичнинг ҳар бири ўз муҳити ва иштирокчиларнинг фаоллиги билан ажралиб турди. Мўйноқда иштирокчилар юқори қизиқиш ва ташаббускорлик кўрсатдилар, Хўжайли туманида ўз ғоялари ва маҳаллий лойиҳалари устида фаол ишладилар. Нукусда эса мураббийлар билан биргаликда барқарор туризмни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар ва ташаббусларни амалга оширишнинг янги ёндашувларини кўриб чиқдилар.
Якуний тадбирда иштирокчиларга дастурдан муваффақиятли ўтганликлари тўғрисида сертификатлар топширилди. DMO Karakalpakstan жамоат бирлашмаси директори М.Косназаров иштирокчиларни ўқишни якунлаганликлари билан қутлаб, олинган билимларни келгусида амалиётда қўллаш муҳимлигини таъкидлади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари