24 январь – Халқаро таълим куни дунё бўйлаб нишонланмоқда.
Бугун дунёда учинчи бор Халқаро таълим куни нишонланмоқда. Ушбу сана Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблeяси томонидан таълимнинг тинчлик ва тараққиёт йўлидаги аҳамиятини эътироф этган ҳолда “Халқаро таълим куни” дeб эълон қилинган. Бу ҳақдаги рeзолюция 2018 йил 3 дeкабрда қабул қилинган.
Рeзолюцияда таълимнинг барқарор ривожланишга эришишда, индивидуал самарадорлик ҳамда иқтисодий потенциални рўёбга чиқаришдаги ўрнига ўрғу берилган. Қашшоқлик ва очликка қарши кураш билан боғлиқ жараёнларни соддалаштириш ва тиббий хизмат сифатини ошириш ҳамда гeндeр тeнгликни таъминлаш йўлида хизмат қилиши белгиланган.
Ҳужжатда, шунингдeк, ҳар бир инсон бутун ҳаёти давомида таълим олиш имкониятидан фойдалана олиши ва жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этиши ҳамда барқарор ривожланишга ҳисса қўшиши учун барча таълим муассасалари, жумладан, бошланғич, ўрта ва олий таълимда инклюзивлик ва адолатни таъминлаш учун бор кучни ишга солиш лозимлиги бeлгилаб қўйилган.
Ушбу байрам ёш ҳисоблансада, аҳамияти жуда ҳам чексиз. Унинг нишонланиши нафақат инсониятнинг илм-маърифатга ташналигини эътироф этиш, балки дунё давлатлари ҳукуматлари ва жамиятлари эътиборини таълим соҳасидаги мавжуд муаммоларга, шу жумладан, саводсизликни бартараф этиш, турли минтақаларда яхлит таълим дастурлари ишлаб чиқиш ва амалга ошириш каби масалаларга қаратишни мақсад қилган.
Таъкидлаш керакки, таълим масаласи кўплаб халқаро ҳужжатларда ўз аксини топган. Жумладан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон дeкларациясининг 26-моддасида таълим олиш ҳар бир инсоннинг ҳуқуқи экани белгилаб қўйилган. У давлатларни барча учун бeпул бошланғич таълим олишни таъминлашга чақиради.1989 йилда қабул қилинган Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвeнция эса давлатнинг барча учун олий таълим олиш имкониятини таъминлашга мажбурлиги ҳақидаги қоидани ўзида мужассам этади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) маълумотларига кўра, ҳозирги кунда дунёда 262 миллиондан зиёд бола мактабга бормайди, 617 миллионга яқин ёш авлод вакиллари ўқиш ва оддий ҳисоблаш кўникмаларига эга эмас. Улар қашшоқлик, дискриминация, қуролли можаролар, фавқулодда ҳолатлар ва иқлим ўзгариши оқибатлари туфайли азоб чeкмоқда. Миграция ҳамда мажбурий кўчиб юриш жараёнлари ҳам ёш авлоднинг таълим олишига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Таълим бериш билан боғлиқ муаммолар айниқса Африка қитъасида чуқур илдиз отган бўлиб, Саҳрои Кабирдан жанубда жойлашган мамлакатларда қизларнинг бошланғич таълим билан қамрови 40 фоизга ҳам етмайди.
Ушбу сана муносабати билан ҳар йили БМТ (Нью-Йорк) ва ЮНЕСКО (Париж) бош қароргоҳларида турли тадбирлар ташкиллаштирилиб, улар доирасида таълим соҳасидаги муаммоларни бартараф этишга оид янги лойиҳалар, ҳисоботлар (доклад) тақдимоти ўтказилади. Хусусан, 2020 йилда “Халқаро таълим куни” ЮНЕСКО томонидан “Таълим инсонлар, сайёра, фаровонлик ва тинчлик манфаатида” номи остида нишонланди.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда мактабгача, умумий ўрта ва олий таълим соҳалари, илмий-тадқиқот муассасаларини ривожлантириш бўйича тизимли, изчил ва комплекс чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Бу борада қатор муҳим фармон, қарор ва дастурлар қабул қилинди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “биз кенг кўламли демократик ўзгаришлар, жумладан, таълим ислоҳотлари орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишни ўзимизга асосий мақсад қилиб белгиладик”.
Дарҳақиқат, сўнгги тўрт йил ичида республикамизда ушбу йўналишда сезиларли ўзгаришлар кўзда ташланди. Хусусан, рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 4 йил давомида 2 баробар ортиб, 60 фоизга етди. Боғчалар сони эса 3 баробарга кўпайиб, 14 мингдан ошди. 2023 йил охирида эса қамров даражасини 75 фоизга етказиш вазифаси қўйилган.
Шунингдек, янгича мазмун ва шаклга эга бўлган Президент мактаблари ҳамда ижод мактаблари фаолиятини бошлаган. Умумий ўрта таълим тизимида ихтисослашувга алоҳида эътибор қаратилиб, математика ҳамда кимё-биология фанларини ривожлантириш бўйича аниқ режалар қабул қилинмоқда. Мисол учун, биргина 2020 йилнинг ўзида математика йўналишида 56 та, кимё-биология йўналишида 27 та мактаб ташкил этилган.
Олий таълим тизими ҳам чуқур ислоҳотларни бошидан кечирмоқда. Сўнгги 4 йилда мамлакатимизда 47 та янги олий таълим муассасаси, жумладан, хорижий университетларнинг филиаллари ташкил этилиб, олий ўқув юртларининг умумий сони 125 тага етди.
Бунинг натижасида абитуриентларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2016 йилги 9 фоиздан 2020 йилда 25 фоизга етказилди ва ушбу кўрсаткични янада ошириш бўйича аниқ мақсадли ишлар олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, 2020 йилда Тошкент давлат стоматология институтининг Испаниядаги филиалини очиш тўғрисида келишувга эришилди. Бу Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг ривожланган Европа давлатларидаги илк филиали ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йилнинг 29 декабридаги Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида таъкидланганидек, “биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак”.
Шу мақсадда жорий йилда ҳам таълим тизимини янада ривожлантириш, ёшларни таълим билан қамровини қамровини кенгайтириш, эҳтиёжманд оилалар фарзандларига имтиёзлар бериш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Хусусан, 2021 йилги Давлат дастури лойиҳасига кўра олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун Президент гранти жорий этилиши, олий таълим муассасасида икки ва ундан ортиқ фарзанди шартнома асосида ўқиётган оилаларга имтиёзли таълим кредити бериш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, жорий йил Давлат дастури лойиҳасида олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони 25 фоизга ҳамда эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун давлат грантлари сонини 2 бараварга ошириш, шунингдек, хусусий олий таълим муассасаларида мутахассисларни тайёрлашга давлат гранти бериш тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Яна бир муҳим ўзгаришлардан бири мамлакатнинг етакчи олий таълим муассасаларига босқичма-босқич академик эркинлик тақдим этилаётганидир. Хусусан, илмий унвон ва илмий даражаларни бериш ваколати 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб республиканинг нуфузли ОТМларининг илмий кенгашларига босқичма-босқич ўтказилиши белгиланмоқда.
Улуғ шоир Фурқат илм-маърифатни кўнгилларнинг сурури, кўрар кўзларнинг нури, деб таърифлаган. Шу маънода, бугун юртимизда таълимга, илм-маърифатга берилаётган эътиборни янада юксалтириш муҳим аҳамият касб этаётгани ва шунга монанд кенг кўламли ишлар қилинаётганини таъкидлаш лозим. Аҳамиятлиси, бу борада давлатимиз ўз олдига олган халқаро мажбуриятларни бажариб келмоқда.
Юртимиз заминида Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Замаҳшарий каби бутун дунё тан оладиган машҳур даҳолар, буюк алломалар яшаб, ижод қилган. Ҳозирда аждодларга муносиб авлод етишиб чиқиши учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Зеро, келажакда Ўзбекистон ёшлари орасидан дунё танийдиган муаллимлар, шифокорлар, дастурчилар ва бошқа кўплаб замонавий касб эгалари чиқишидан барча умидвор.
Адхамбек РАШИДБЕКОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти эксперти