Барқарор ривожланиш йўлида муҳим учрашув
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Италия Республикасининг Тренто университети профессори, ректорнинг экологик барқарорлик масалалари бўйича делегати Марко Рагасси билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Италия ўртасида қайта тикланувчи энергия, экологик барқарорлик ҳамда “яшил” технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Томонлар энергетика соҳасида замонавий ёндашувларни жорий этиш ва барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда илмий ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Хусусан, “Energia Samarkand” лойиҳаси доирасида Самарқанд вилоятида энергия трансформациясини амалга ошириш, декарбонизация жараёнларини жадаллаштириш ва замонавий инфратузилмани ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш, энергия ресурсларини баҳолаш ва хариталаш, молиявий моделлаштириш ҳамда давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш бўйича фикр алмашилди.

Учрашувда илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Олий таълим муассасалари ўртасида қўшма тадқиқот дастурларини йўлга қўйиш, қайта тикланувчи энергия ва экологик барқарорлик соҳасида мутахассислар тайёрлаш, техник малака ошириш дастурларини ташкил этиш ҳамда институционал салоҳиятни кучайтириш бўйича ҳамкорлик қилишга келишилди.
Марко Рагасси атроф-муҳит муҳандислиги, чиқиндиларни бошқариш ва экологик барқарорлик соҳасидаги илмий тажрибасига таяниб, қўшма академик ташаббусларни амалга оширишга тайёр эканини билдирди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА