Баркамол ёшлар - Янги Ўзбекистон бунёдкорларидир
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Мурожаатномаси халқимиз ҳаётида янги саҳифани очиб берди. Давлатимиз раҳбари 2020 йилда Ўзбекистонда амалга оширилган улкан ислоҳотларни таҳлилий баён қилдилар. Президентимиз пандемия ва турли техноген офатларга қарамай, Ўзбекистон 2020 йилда кўплаб ижобий натижаларга эришган камдан-кам давлатлардан бири бўлганини ва бу ютуқлар халқаро миқёсда эътироф этилганини таъкидладилар.
Давлатимиз раҳбари мамлакат тараққиётида таълим ва тарбиянинг ўрни беқиёс эканига алоҳида эътибор қаратиб, Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан, таълим-тарбиядан бошлашини яна бир бор қайд этдилар. Мурожаатномада янги Ўзбекистонни ҳар томонлама етук ва билимли ёшлар билан биргаликда барпо этиш устувор вазифа этиб белгиланди. Президентимиз ташаббуслари билан 2021 йил – Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили деб эълон қилингани, ҳар бир фуқаро, хусусан, биз таълим соҳаси вакилларига алоҳида қувонч-ифтихор бахш этди.
Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада 2021 йилда мазкур йўналишда амалга ошириладиган ишларга, амалга ошириладиган вазифалар ҳақида тўхталиб ўтдилар. Бу борада бола туғилганидан то 30 ёшгача етгунича қамраб олинадиган миллий тизим яратиш стратегик вазифа этиб белгиланди. Мазкур устувор вазифани амалга ошириш йўлида мактабгача таълимни ривожлантириш, мактаб таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, болаларда таҳлилий ва креатив фикрларини ривожлантириш. болага ортиқча юклама бермайдиган мутлақ янги Миллий таълим тизимни яратиш, 30 та янги мактаб, 10 та Президент мактаби барпо этиш. 320 мактабни таъмирлаш ва моддий техник базасини мустаҳкамлаш, Кимё-биология ва ахборот технологияларига ихтисослашган 197 та мактаб барпо этиш, олий таълимни ривожлантириш борасидаги ишларни давом эттириш, Тошкентда энг замонавий технологияларга асосланган янги университет қуриш ва бу орқали ёшларни хорижда эмас, ўз ота-онаси бағрида энг замонавий билимларга эга бўлиши учун шароит яратиш каби ишлар амалга оширилиши таъкидланди.
Мен таълим тизими вакили сифатида Президентимиз Мурожаатномасида ўқитувчи ва мураббийларга алоҳида эътибор берилганидан жуда мамнун бўлдим. Қалбим ғурур ва ифтихорга тўлди. Давлатимиз раҳбарининг: «Жамиятда ўқитувчи касби энг нуфузли ва обрўли касб бўлиши лозим. Муаллимларимиз болаларга таълим бериш ўз касбларидан бошқа нарсалар ҳақида ўйламаслиги учун давлат барча шароит яратиб бериши зарур. Йиллар ўтади, вақт ўтади. Бу қилган ишларимиз ўзининг жуда катта натижасини беришига мен ишонаман» деган сўзлари, фикримча, бугунги кунда ҳар бир устоз ва мураббийнинг кундалик дастурига айланиши лозим.
Биз таълим соҳаси вакиллари Юртбошимиз томонидан билдирилган юксак ишончга масъулият билан ёндашиш, уни оқлаш йўлида бор иқтидор ва салоҳиятимизни ишга солишимиз бугунги мураккаб даврнинг долзарб вазифасидир.
Президентимиз устоз ва мураббийларга бериладиган имтиёзлар ҳақида тўхталиб, ўзи яшаётган тумандан бошқа туманга борадиган ўқитувчига 50 фоиз, ўз вилоятидан бошқа вилоятга бориб дарс берадиган ўқитувчи учун 100 фоиз устама ҳақ тўланишини эълон қилдилар. Мактабларда синф раҳбарлиги учун тўланадиган устамаларнинг 1,5 баробарга оширилишини қайд этдилар.
Давлатимиз раҳбари ишончига муносиб бўлиш, Мурожаатномада алоҳида таъкидланган: «Довюрак ва ботир инсонлар келажакда содир бўладиган қийинчиликлардан қўрқмайдилар» ва «Қуёшлик истасанг касбу камол эт» каби улуғ аждодларимизнинг асрлар синовидан ҳикматларга амал қилишимиз, қийинчиликлардан чўчимасдан ўз устимизда мунтазам ишлаш билан, энг замонавий, янги илғор педагогик технологияларни ўзлаштириш билан Янги Ўзбекистонни барпо этишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшадиган ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялашимиз шонли тарихимиз, саодатли бугунимиз олдимизга қўйган ва мунаввар истиқболимиз йўлида ўта муҳим, кечиктириб бўлмас ва энг долзарб бурчимиздир.
Саидафзал Саиджалолов,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси катта ўқитувчиси