Баркамол авлод тарбияси — энг муҳим вазифа
Юртимиз ўз такомилининг янги, юксак ривожланиш босқичига қадам қўяётган ҳозирги паллада илғор илм-фан ютуқларини эгаллаган, миллий-маънавий қадриятларни қадрига етадиган, жисмонан ва маънан соғлом кадрларга эҳтиёж борлиги мамлакатимиз раҳбари томонидан Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида яна бир бор таъкидланди.

Дарҳақиқат жисмоний ва маънавий баркамоллик ўз кучи, билими, салоҳияти, лаёқати ва малакасига эга бўлган соғлом баркамол ёшлар тарбиясига бевосита боғлиқ. Жисмоний тарбия ва спортда ҳам янги йўналиш ва мутахассисликларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Анъанавий спорт турлари қаторида тамоман янги йўналишлар – қишки спорт, техник тактик, қишки ва мураккаб техник спорт турлари, кибер спорт турлари ривожланмоқда.
Ёшлар ўртасида кейинги йилларда каратэ (WKF) спорт тури ҳам кенг оммалашаётир. Президентимизнинг 2023 йил 3 ноябрдаги “Каратэ (WKF) спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этди. Иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш, саралаш, спорт мактаблари, клублари ва тўгаракларга уларни жалб этиш, аҳолининг барча қатламлари, жумладан, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг мазкур спорт тури билан шуғулланиши учун имкониятлар янада кенгайди.
Мазкур ҳужжат асосида ҳудудларда “Каратэ ҳамма учун” дастури амалга оширилади. Мактабгача таълим йўналишидаги болажонлар учун ҳам махсус лойиҳалар амалга татбиқ этилади. Каратэ бўйича замонавий спорт мажмуаларини барпо этиш, моддий техник базасини мустаҳкамлаш, зарурий анжом ва жиҳозлар билан таъминлаш, соҳа бўйича илмий-услубий ва ўқув адабиётлари яратиш, тиббий хизматни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Фармонда 2023-2026 йилларда “Каратэ (WKF) спорт турини ривожлантириш дастури, спорт турини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари аниқ кўрсатилди. Фармонда 2024 йилдан бошлаб ҳар йили анъанавий тарзда: республиканинг барча ҳудудларида 7 октябрь куни – Бутунжаҳон каратэ кунига бағишланган фестиваль, каратэ ва паракаратэ бўйича нуфузли халқаро турнир, каратэ бўйича Халқаро каратэ федерациясининг (WKF) тасдиқланган норма ва қоидаларида белгиланган ёш тоифалари бўйича уч босқичли (туман, шаҳар, ҳудудий ва республика) чемпионатлар, каратэ бўйича давлат спорт-таълим муассасалари ўртасида “Ўзбекистон чемпионати” мусобақаси ўтказиш аниқ кўрсатилди. Шунингдек 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида каратэ бўйича бакалавриат таълим йўналишига ва магистратура мутахассислигига амалдаги ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларини икки бараварга ошириш, Нукус, Фарғона филиалларида каратэ бўйича ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларини кўпайтириш назарда тутилган.
Бир сўз билан айтганда, каратэ спорт турини ривожлантириш асносида соғлом ва баркамол фарзандларни тарбиялаш, аҳолининг барча қатлами орасида спорт соғломлаштириш ишларини янада ривожлантириш, ёшларни турли салбий таъсирлардан асраш асосий мақсадимиздир.
Шуҳрат Арслонов,
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети
дзюдо, каратэ назарияси ва услубиёти кафедраси мудири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий