“Баркамол авлод” имкониятлар маскани (+видео)
Юртимиз келажаги бўлган ёш авлодга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик замирида Ватан равнақи, унинг порлоқ истиқболини таъминлашдек улуғ мақсад ётади. Мамлакатимизда ёш авлодни, айниқса, ўқувчи ёшларни қўллаб-қувватлаш, интеллектуал, ижодий салоҳиятини юксалтириш, уларни ҳар томонлама етук инсонлар бўлиб камол топиши учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда.
Ана шу йўналишдаги ишлар сифати ва самарадорлигини оширишда, хусусан, ўқувчи ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларида “Баркамол авлод” болалар мактабларининг ўрни ва роли муҳим аҳамият касб этади. Буни Андижон вилояти “Баркамол авлод” мактаби фаолияти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Айни кунда барча туман ва шаҳарларда, шунингдек, вилоят “Баркамол авлод” болалар мактаблари фаолиятини янада юқори босқичга кўтариш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, тўгарак машғулотларини самарали ташкил этишга қаратилган зарур ишлар олиб борилмоқда.
Айни кунда вилоятдаги “Баркамол авлод” болалар мактабларида 7 та йўналишда 79 номда фаолият кўрсатаётган 597 та тўгаракка 26 минг 855 нафар ўқувчи жалб этилган. Ўқувчиларга бир минг нафардан зиёд педагоглар, тўгарак раҳбарлари ўз йўналишлари бўйича сабоқ бермоқда.
Тўгаракларнинг 195 таси ўз биносида, 332 таси умумтаълим мактабларида, 23 таси маҳаллаларда, 21 таси мактабгача таълим ташкилотларида, 26 таси эса жисмоний имконияти чекланган болаларга ихтисослаштирилган мактабларда ташкил этилган.
Биргина вилоят “Баркамол авлод” мактабининг ўзида тўртта йўналишдаги 33 номдаги тўгарак фаолият олиб бормоқда. Уларга 1 минг 700 нафарга яқин ўқувчи ёшлар қамраб олинган.
– Мактабимизда болаларни турли тўгаракларга жалб этиш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш бўйича эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда, – дейди Андижон вилояти “Баркамол авлод” болалар мактаби директори Хусанбой Хайитохунов. – Мактабимизда ташкил этилган тўгараклар машғулотларини самарали ўтказиш учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Барча қулайликларга эга, кенг ва ёруғ хоналарда бир пайтнинг ўзида 300 нафар ўқувчи машғулотларда қатнашиш имконига эга.
[gallery-21056]
Мактабнинг тўгарак раҳбарлигига билимдон, ўз ишини яхши биладиган, ташаббускор мутахассислар жалб этилган. Айниқса, машғулотларни қизиқарли, илғор ва интерактив усуллар асосида ўтказилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу боис ҳам, мактабимиз ҳамиша ўқувчилар билан гавжум.
– Икки йилдан буён вилоят “Баркамол авлод” мактабида ташкил этилган инглиз тили тўгарагига қатнашиб келаман, – дейди Андижон шаҳридаги 24-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Беҳруз Муҳиддинов. – Дарслардан кейин тўгаракка келиб, тажрибали устозлардан инглиз тилини мукаммал ўрганишга, инглиз тили бўйича фан олимпиадаси, турли танловларда муносиб иштирок этишга ҳаракат қиляпмиз.
Мен сентябрь ойида Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида ўтказилган “Dubay “Interneyshnl olimpiad INDIUS” инглиз тили бўйича халқаро олимпиадада қатнашиб 1-ўринни қўлга киритдим. Ушбу танловда нафақат мен, балки бир неча тўгаракдошларим ҳам ғолиб ва совриндор бўлганлигидан фахрланамиз.
Вилоятдаги “Баркамол авлод” болалар мактабларида ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини бойитиш, маҳоратларини янада юксалтириш борасида самарали ишлар олиб борилаётганлиги натижасида эришилаётган ютуқлар салмоғи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўзида 220 нафардан зиёд ўқувчи республика ҳамда халқаро миқёсдаги кўрик-танловларда ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди.
Вилоят “Баркамол авлод” болалар мактаби томонидан Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, туман, шаҳар ҳокимликлари, Ёшлар ишлари агентлиги, ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, маданият бошқармаси, Маънавият-маърифат маркази вилоят бўлими ҳамда бошқа қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилаётган тадбирлар, танловларда ўқувчилар фаол иштирок этмоқда.
Асака, Балиқчи, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Жалақудуқ, Бўстон туманидаги “Баркамол авлод” мактаблари намунали иш олиб бораётган илғор мактаб саналади.
Жорий йилнинг май ойида Андижонда ўтказилган “Баркамол авлод” болалар мактаблари республика фестивалида вилоятда мазкур йўналишда олиб борилаётган самарали ишлар мутахассислар томонидан эътироф этилди. Айниқса, иштирокчилар “Инглиз тили”, “Робототехника”, “Пазандалик” тўгаракларида олиб борилаётган илғор тажриба ва иш услублари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.
Бундан ташқари, қатор йўналишларда вилоят, республика миқёсида ўтказилган кўрик-танловлар, фестиваллар ўқувчиларнинг билим ва тажрибасини бойитишга, иқтидор ва имкониятларини тўлақонли юзага чиқаришига ёрдам бермоқда.
– Ўтказилаётган танлов ва фестиваллар бизга кенг имкониятлар эшигини очмоқда, – дейди Жалақудуқ тумани “Баркамол авлод” болалар мактаби тўгарак аъзоси, Қирғизистон Республикасида ўтказилган “Ижодий ғоялар ва технологиялар карвони” халқаро танлови ғолиби Шукрбек Маматалиев. – Эришган ютуқларимиз биз ёшларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар самарасидир. Қолаверса, тўгаракларда олаётган билимларимиз, келгусида албатта, бизга асқатади.
Умуман, ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар, танловлар ўқувчиларнинг турли фанлар, техник ва ижодий йўналишларидаги билимларини юксалтирмоқда, уларнинг меҳнат, ижод қилиш кўникмаларини мустаҳкамламоқда.
Бир сўз билан айтганда, ўқувчиларнинг ҳар жиҳатдан етук ва баркамол инсонлар бўлиб камол топишларига, уларнинг ўзлари қизиққан соҳалар бўйича билим, маҳорат ва истеъдодларини юксалтиришга хизмат қилаётган Андижон вилоятидаги “Баркамол авлод” болалар мактаблари имкониятлар маскани сифатида самарали фаолият юритмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/o3Q-dzaWQwo" title="“Barkamol avlod” imkoniyatlar maskani" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари