"Баркамол авлод" баҳслари Наманганда давом этади
Мамлакатимизда Олимпия ўйинлари қоидалари ва талаблари бўйича ўтказиб келинадиган "Баркамол авлод" спорт мусобақаларининг республика финал босқичи Наманган вилояти мезбонлигида давом этади.
Хабарингиз бор, мамлакатимизда олимпия ўйинлари қоидалари ва талаблари асосида ўтказиб келинаётган "Баркамол авлод" спорт мусобақаларининг финал босқичидан ўрин олган 12 та спорт турининг 6 та йўналишида мусобақалар якунига етди.
Эртага, 4 март куни финал босқичининг еттинчи мусобақаси бўлган гандбол бўйича қизлар ўртасидаги финал ўйинлари Наманган шаҳрида старт олади.
Ҳудудий босқичларда энг кучли эканликларини намойиш этган Тошкент шаҳри, Самарқанд, Aндижон ва Навоий вилоятлари терма жамоалари иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, ҳозиргача ўтказилган 6 та спорт тури бўйича ўтган баҳслардан сўнг "Баркамол авлод" фестивалининг республика босқичида Хоразм вилояти вакиллари 66 очко билан пешқадамлик қилмоқда.
2-ўринда 65 очко тўплаган Самарқанд вилояти терма жамоаси жойлашган бўлса, 3-ўринни 63 очко билан Бухоро ва Фарғона вилояти жамоалари эгаллаб турибди.
ЎзА.