Барчаси хавфсиз ҳаёт учун
Хоразм вилоятида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, худудлардаги ҳуқуқбузарликларни камайтириш ва барвақт олдини олиш мақсадида ўтказилаётган "Хавфсиз ҳаёт учун " акциясига старт берилди.
Мамлакатимизда жорий йилнинг 1 март кунидан бошлаб “Хавфсиз ҳаёт учун” акциясига старт берилди. Унга кўра, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиш сабаблари ва уларга имкон берган шароитларни маҳаллаларда Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиқлари ва туман-шаҳар ИИБ бошлиқлари томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати инспекторлари ва кенг жамоатчилик иштирокида мунтазам равишда ҳафтанинг ҳар шанба куни “маҳаллабай” тарзда муҳокама қилиниши таъминланмоқда.
Ойлик давомида Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси жамоат хавфсизлиги хизмати йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан содир бўлиши мумкин бўлган йўл-транспорт ҳодисаларини барвақт олдини олиш юзасидан йўл ҳаракати қоидаларини ҳамда маданиятини тарғиб қилиш бўйича тушунтиришлар олиб борилмоқда.

–Акция доирасида олий таълим муассасаларида йўл ҳаракати қоидалари соҳасида назарий билим ва амалий кўникмаларни шакллантириш борасида ички ишлар органлари ходимлари иштирокида ҳақиқий содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари роликларини намойиши билан ўқув-семинарлари ўтказилиб, айбдор қоидабузарларга “қонун устувор – жазо муқаррар” лиги ҳаётий мисоллар билан ёритиб берилиши назарда тутилган, – дейди Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси жамоат хавфсизлиги хизмати йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Машарипов. – Шунингдек, умумий, ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида ёшлар ўртасида “Заковат”, “Қувноқлар ва зукколар” викториналари ўтказилади. Маҳаллаларда, мактабгача таълим ташкилотларида ва умумтаълим мактабларида йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш майдончалари ва синфхоналарида “Йўл ҳаракати интизоми болаликдан бошланади”, “Яшил чироқ”, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги билимдони” каби мусобақаларни ташкил этиш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/SJK0GEL5py4" title="Барчаси хавфсиз ҳаёт учун" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Матбуот анжуманида журналист ва блогерларга “Хавфсиз ҳаёт учун” тадбирларининг дастлабки кунлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, йўлларда содир бўлаётган аянчли йўл транспорт ҳодисалари акс этган видеороликлар ҳам намойиш этилди.
Таъкидландики, ойлик доирасидаги тадбирларда маҳаллаларда фаолият олиб бораётган профилактика инспектори, МФЙ раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоллари ҳамкорлигида ёшлар, айниқса, вояга етмаганлар томонидан ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этмаслик ҳамда уларнинг қурбони бўлиб қолмаслик руҳида тарбиялаш борасида малакали психологларни жалб қилган ҳолда муҳокамалардан кейин якка тартибда уларнинг ота-оналари ва яқин қариндошлари билан профилактик суҳбатлар ўтказилмоқда.
Сутканинг қоронғу вақтида пиёдалар, айниқса, болалар ва велосипедчилар билан боғлиқ бўлган йўл-транспорт ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида нур қайтаргичли жилетлар тайёрланиши, велосипедчи ва пиёдалар, айниқса ўқувчиларга нур қайтаргичли жилетлар тарқатилиши белгиланган. Жорий йилнинг 5 март куни эса акция доирасида вилоят марказларида “Хавфсиз ҳаёт учун” мегамарафонлари, яъни велосипедчи ва пиёдалар юриш марафонлари ўтказилиши режалаштирилган.
Аҳмаджон ШОКИРОВ,
ЎзА