Бухоро тумани “Работак” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида тиббиёт бирлашмаси бино иншоотлари қурилмоқда. Муассаса 2, 3 ва 4 қаватли замонавий иншоотларни ўз ичига олган бўлиб, мазкур лойиҳа амалиётига инвестиция дастури асосида 4,8 миллиард сўм маблағ ажратилган.
– Галаосиё шаҳрининг Фитрат кўчаси 17-уйда фаолият юритиб келаётган туман тиббиёт бирлашмаси бино-иншоотлари кейинги йилларда маънан эскиргани сабабли юқоридаги лойиҳага талаб ва эҳтиёж ортган эди, – дейди туман Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи вазифасини бажарувчиси Акбар Шукруллаев. – Эндиликда қарийб 2 гектарни эгаллаган ҳудудда шинам ва янгича андозадаги тиббиёт бирлашмаси қад ростлагани айни муддао. Бунда туғуруқ комплекси, терапия, жарроҳлик бўлими, болалар шифохонаси билан бирга, юқумли касалликлар бўлими ҳамда тез тиббий ёрдам станцияси “103” хизматида жами 380 нафар тиббиёт персонали меҳнат фаолиятини олиб боради. Биргина тез тиббий ёрдам шохобчаси – “103” хизматини олсак, бунда бир пайтда 3 та, бир кеча-кундузда эса 12 та мобиль ҳаракатдаги тиббиёт бригадаси чақирувларга хизмат кўрсатиш имконига эга бўлади. Бунинг учун махсус жиҳозланган автотранспорт воситалари, қолаверса, тор доирадаги мутахассислардан иборат экипажига эга 1 та реанимобиль жорий қилинган. Тез тиббий ёрдамда ўндан ортиқ олий маълумотли врач, яна шунча фельдшер ва ҳамшира фаолият олиб боради.
Босқичма-босқич фойдаланишга топширилаётган ушбу тиббиёт бирлашмасининг бугун икки қаватли юқумли касалликлар бўлими ҳамда “103” станцияси бинолари тантанали очилди. Тадбирда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, туман ҳокимлиги масъул мутасаддилари, қурувчилар, жамоатчилик вакиллари ҳозир бўлди. Унда сўзга чиққанлар замонавий тиббиётнинг илғор ва юқори аниқликдаги ускуналари билан жиҳозланаётган тиббиёт муассасаси ва бўлимлари тизим фаолиятига қаратилаётган эътибор туфайли эканлиги, бу албатта, кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини оширишга хизмат қилишини таъкидлади. Янги бино шифокорлар ва беморлар учун ҳам қатор қулайликларга эга эканлиги қайд қилингани ҳолда унинг қурилишида жонбозлик кўрсатган бинокорларга алоҳида миннатдорлик билдирилди.
Қурилиш соҳасида қарийб 40 йиллик тажрибага эга моҳир бинокор Ахтам Улуғов раҳбарлигидаги “47-сон Хўжаликлараро кўчма механизациялаштирилган колонна” МЧЖ жамоаси кенг кўламли бунёдкорлик лойиҳаларини амалга оширмоқда. Қурилиш ва таъмирлаш-тиклаш ишларида жонбозлик кўрсатмоқда.
Тадбирда рамзий алвон лента қирқилгач, йиғилганлар муассасада яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишди.
Зариф Комилов, ЎзА