Барчаси аҳоли фаровонлиги учун
Арнасой тумани 4-сектор ҳудудига Жиззах вилояти солиқ бошқармаси ташаббуси билан журналист ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳудудларда фуқаролар, айниқса, ишсиз ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича сектор томонидан олиб борилаётган амалий чора-тадбирлар бугун натижадорлигини кўрсатмоқда.
Буни Арнасой туманидаги 4-сектор фаолияти давомида амалга оширилаётган ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Чунки, туманда эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож оилаларнинг моддий аҳволини тиклаш борасида амалий ҳаракатлар олиб борилиб, айни пайтга келиб, улар ўз самараларини бермоқда. Яъни камбағал оилаларга озиқ-овқат, дори-дармон, баъзиларининг коммунал тўловлари, солиқ қарздорлиги ҳомий тадбиркорлар томонидан тўлаб берилибгина қолмай, моддий томондан қўллаб-қувватланмоқда.
Арнасой тумани 4-секторга қарашли “Бўстон” ва “Бахтли” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги хонадонлар сони 930 тани ташкил этади. Жами оилалар сони 1 минг 336 та, аҳоли сони 5 минг 66 нафардан иборат.
Мурожаатлар билан ишлаш борасида бугун Жиззах вилояти солиқ бошқармаси масъул бўлган 4-секторда ўзига хос тажриба тўпланган бўлиб, сектор раҳбарияти муаммоларни босқичма-босқич ҳал этиш чораларини кўриб бораётганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.
Арнасой туманидаги “Бахтли” маҳалласидаги 60 та хонадондан иборат “Чаманзор”, “Ёшлик”, “Янги маҳалла” ва “Бахтли” кўчаларидан иборат аҳоли пунктини мактаб, боғча ва асосий аҳоли пункти билан боғловчи зовур устида аҳоли томонидан ўрнатилган кўприк аянчли ҳолатга келиб қолган эди.
Вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Бекзод Тошпўлатов арнасойлик фуқаролар учун ўтказган сайёр қабулида аҳолидан кўприкни таъмирлаш борасида мурожаат тушган эди. Ушбу мурожаатга асосан, ўтган 2022 йилнинг 1 декабрида эски кўприкни таъмирлаш ишлари бошланди.
Ушбу пиёдалар кўпригининг мустаҳкамлик даражасини ошириш мақсадида бетон плиталар ётқизилиб, кўприк сув сатҳидан 4-4,5 метр баландлатилди. Шундан сўнг, кўприкнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида икки ёнига тўсиқлар ўрнатилди.
Жорий йил Наврўз байрами арафасида сўнгги таъмирлаш ишлари бажарилиб, кўприкнинг ён томонларига бетон қуйилди ва мустаҳкамлик даражаси яна ҳам оширилди. Пиёдаларга қулай бўлиши учун эса 80 метр узунликдаги йўлаклар ҳам тўлиқ бетонлаштирилиб, тунги ёритгичлар ўрнатилди.
“Бахтли” МФЙда жами хонадонлар сони бугунги кунга келиб 242 тани ташкил этади. Бу ердаги 316 оилада 1 минг 200 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Айни пайтда ҳар бир хонадоннинг ўз томорқаси, экин майдони мавжуд бўлсада, ёз мавсумида улардан унумли фойдаланишнинг имкони йўқ эди. Сектор раҳбариятининг сайёр қабулида аҳоли хонадонларидаги томорқани суғориш учун “Оқбулоқ” каналидан оқова сув чиқариш бўйича мурожаат тушган эди. Ушбу мурожаатга ҳам ечим топилиб, “Вербуд” МЧЖ томонидан қувур орқали оқова сув келтириш чоралари кўрилди. Мазкур ишлар давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг март ойида “Бахтли” ва “Зарафшон” МФЙ аҳолиси эҳтиёжи учун зарур оқова сув лойиҳаси ишлари якунига етказилади.
Шунингдек, 4-сектор ҳудудида жойлашган “Бўстон” МФЙгача 14 километр, Дўстлик тумани Мамажон Дадажонов сув истеъмолчилар уюшмасига қадар яна 4 километр, жами 18 километр узунликдаги ичимлик суви лойиҳаси ҳам аҳоли манфаатларини кўзлаб амалга оширилмоқда. “Бўстон” МФЙга борадиган 14 километрлик сув қувури тармоғи босими пастлиги ва қувурларнинг эскирганлиги туфайли уни реконструкция қилишга эҳтиёж юзага келган эди. Ҳозирда “Қурилиш таъминоти” корхонаси томонидан қиймати 18 миллиард 131 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа жорий йилнинг декабрь ойида якунланиши режалаштирилган.
Арнасой тумани 4-сектор ҳудудида жойлашган “Бўстон” МФЙда Президентимизнинг 2023 йил 2 майдаги “2023–2025 йилларда Жиззах вилоятини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан ички йўллар асфальт қилинмоқда. Жумладан, сектордаги “Исломобод” кўчаси 0,7 километр, “Юксалиш”, “Ғалаба” ва “Ватанпарвар” кўчаларида 0,4 километрдан, “Ислоҳот”, “Жасорат” кўчаларида 0,6, “Обиҳаёт” кўчаси 0,5 километр йўли асфальтланди.
[gallery-12479]
Маълумот ўрнида, “Бўстон” МФЙда жами 7 та кўча учун 3,6 километр масофага 2 миллиард 880 миллион сўм молиялаштирилган. Шунингдек, “Бахтли” МФЙда 6 та кўча 3,6 километр масофага 2 миллиард 896 миллион сўм маблағ ажратилган.
“Бахтли” МФЙдаги “Ёшлик” кўчаси 0,85 километр, “Наврўз” кўчаси 0,37, “Баҳор” ва “Янгимаҳалла” кўчалари 0,35, “Чаманзор” кўсаси 0,7, Тузкон қўрғони кўчаларига 1 километр масофага асфалт ётқазиш ишлари бошланганига гувоҳ бўлдик. Ҳаммаси бўлиб 7,2 километр масофага 5 миллиард 776 миллион сўм маблағ ажратилган.
Иштирокчиларни қизиқтирган саволларига сектор мутасаддилари томонидан атрофлича жавоб берилди.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА