Барчаси аҳоли фаровонлиги учун
Бухоро вилояти Ромитан туманидаги маҳаллаларда аҳоли муаммоларини ўрганиш баробарида хонадонларга парранда, қўй-қўзи ва қорамол тарқатилмоқда. Иссиқхона ташкил этиб берилаётир.
Туманда иссиқхоналар ташкил этиш учун "Бухоро Марказий таъминот–томорқа хизмати" МЧЖ, чорва молларини тарқатиш бўйича “Урганжиён чорва чашмаси” фермер хўжалиги, қуёнчиликни ровожлантириш юзасидан “Ромитан Эко қуёнлари” МЧЖ, паррандачилик тармоғини жонлантириш учун “Ромитан парранда келажак равнақ” ҳамда “Чашмаи Аюб” МЧЖ лари билан келишув шартномалари имзоланган.

Бу жараёнда “Микрокредитбанк”, “Агробанк” ҳамда “Халқ банки” туман филиаллари уч йил муддатга имтиёзли тартибда, йиллик 14 фоизли кредит сармояси билан эҳтиёжманд аҳоли қатламини қўллаб-қувватламоқда. Молия муассасалари томонидан ажратилаётган кредит маблағи умумий қиймати туман миқёсида 1 миллиард 785 миллион сўмга тенг. Уйма-уй юриб ўрганишлардан сўнг ҳудуддаги 79 та хонадон томорқасида умумий майдони 4,8 гектарда иссиқхона қуриб бериш, 83 та хонадонга 424 бош қўй, 32 та хонадонга 40 бош қорамол етказиб бериш ишлари тугалланмоқда. Худди шундай, 20 та хонадонга 44 бош курка, 95 та хонадонга 14 мингдан зиёд товуқ, 9 та хонадонга 22 бош қуён етказиб берилгани уларнинг моддий манфаатдорлигини ошириши учун яхши имконият.

Ҳозирда ҳудуддаги 1-сектор тасарруфидаги Азизон, Бахтиёрчи, Ўзбекистон, 2-секторга қарашли Чандир, Тошработ, Ғазберон, 3-сектордаги Тарнаут, Боғча, Миришкор, 4-секторнинг Боғисайдон, Боғитуркон, Қумработ каби маҳалла ва қишлоқларида эҳтиёжманд аҳолига чорва моллари, парранда, қуён тарқатилмоқда.

– Назаробод, Маҳаллақози, Хўжаобод, Араблар, Чўпон каби 9 та қишлоқни ўзида жамлаган “Тарнаут” маҳалла фуқаролар йиғинида 1 минг 268 та оила ва 5 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилмоқда, – дейди ҳокимнинг мазкур маҳалладаги ёрдамчиси Насим Очилов. — Назаробод қишлоғида оғир шароитда яшаётган оилаларни моддий қўллаб-қуввватлаш мақсадида турли сабаб билан фойдаланилмасдан, қаровсиз қолган 2 гектарли шишакори иссиқхона қайта обод қилиниб, ўғитлаб, шудгордан чиқарилди. 15 та оилага тенг бўлиб берилди. Банк имтиёзли кредит маблағи эса бу оилаларнинг меҳнатга лаёқатли икки аъзосига расмийлаштирилди. Шу кеча-кундузда иссиқхонада иш қизғин. Унинг эгалари суғориш, экишга тайёрлаш ишларини бошлаган. Худди шундай, ҳудуддаги собиқ машина–трактор парки тасарруфида бўлган ва бугунда ташландиқ ҳолга келган 1 гектарли иссиқхона ҳам расман ҳокимлик балансига ўтказилгани ҳолда қишлоқдаги 10 та оилага 10 сотихдан ўлчаб берилди. 20 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Бундан ташқари, яна 2 гектар қаровсиз, назоратсиз ётган алоҳида ер майдонида эндиликда аҳолига савдо ва маиший хизмат кўрсатиш хизматини жорий этиш, қурилиш-бутлаш ишларини олиб бориш мақсадида 48 та лотга ажратилиб, лойиҳа ҳужжатлари тайёрланмоқда. Демак, яқин ойларда мазкур ташаббус туфайли элликдан ортиқ оиланинг бандлиги ва моддий манфаатдорлиги таъминланади.

Нилуфар Ниёзова Сардарипоён қишлоғида икки нафар вояга етмаган фарзанди билан истиқомат қилади. Боқувчисини йўқотгани боис бу хонадонга “Урганжиён чорвачи” фермер хўжалигидан 1 бош зотдор қорамол, 6 бош қўй, 4 бош курка олиб берилган. Расмийлаштирувдан сўнг Н.Ниёзова номига 18 миллион сўм банк кредит маблағи 3 йил муддатда қайтариш шарти билан 6 ой имтиёзли даври билан берилган. Худди шундай, тарнаутлик Алиёр Олимов ҳамда Хўжаобод қишлоғида яшовчи Ғайбулло Бахшуллаев оиласига 1 бошдан зотдор қорамол, 10 бошгача қўй ва 4 бошдан курка расмийлаштириб берилган. Бу ҳар бир оилага 30 миллион сўм атрофида имтиёзли кредит сармояси деганидир. Фақат шу билан кифояланмасдан, айни пайттда ўттизга яқин хонадонга сим — дугали иссиқхона қуриб бериб, тўқсонбости усулида сабзавот маҳсулотлари ва кўкат етиштириш жорий қилинаётган бўлса, “Темир”, “Аёллар”, “Ёшлар” дафтарларига киритилган яна шунча оилага ҳудудда чорва молари, қуён, парранда тарқатиш ишлари давом эттирилмоқда.
Зариф Комилов,
ЎзА