Барчамиз бирдек масъул бўлган акция
4 йилдирки сентябрь ойининг 3-шанбаси юртимизда Бутунжаҳон тозалик куни сифатида нишонланади. Бу йил ҳам мазкур сана муносабати билан Навоий вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан Ички ишлар бошқармаси, Ўзбекистон экологик партияси, Миллий гвардия ходимлари ҳамкорлигида акция ўтказилди.
Дастлаб вилоятда экологик барқарорликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, ободонлаштириш, тозалик ва озодаликни сақлаш борасидаги тадбирлар ҳақида сўз юритилди.

– Бутунжаҳон тозалик куни - бу инсоният ўзи яшаб турган ҳудудда тозаликни ўрнатиш ғоясини ифода этиб, даставвал Эстонияда вужудга келган ва 50 минг нафар кўнгиллилар мамлакатни чиқиндилардан ҳоли этиш учун бирлашган, – дейди вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нурали Болтаев. – Бугунги кунга келиб эса 180 дан ортиқ мамлакатда мазкур сана муносабати билан тозалик ишлари амалга оширилади. Юртимизда эса ушбу санага бағишланган тадбирлар 2019 йилдан ўтказила бошланди.

Экологик акцияда тизим ходимларидан ташқари атроф-муҳитга бефарқ бўлмаган давлат ва нодавлат ташкилотлар вакиллари, ёшлар фаол иштирок этди. 200 нафардан зиёд акция иштирокчилари хорижий ва маҳаллий сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган Навбаҳор тумани "Сармишсой дараси" ҳудудини ҳар хил кераксиз чиқиндилардан тозалаш ишларида фаол иштирок этди.

– Сармишсой дарасига нафақат юртимиздан, балки дунёнинг кўплаб давлатларидан сайёҳлар ташриф буюради, – дейди “Сармишсой” музей қўриқхонаси директори Дўстмурод Холиқулов. – Бугунги эко акцияда иштирокчилар дарага олиб борувчи йўл атрофини турли чиқиндилардан тозалаш ишларида фаол иштирок этди. Албатта, атроф-муҳит тозалигини асраш бир ёки бир неча кишининг иши эмас. Унда барчамиз бирдек фаол иштирок этишимиз лозим. Шундагина кўзлаган эзгу мақсадимизга эришишимиз мумкин.

Бугунги акцияда катта ёшдаги иштирокчилар билан бир қаторда 7-10 ёшлар атрофидаги болаларнинг иштирокини кузатиш мумкин. Улар ҳам турли чиқинди бўлакларини йиғишда фаол иштирок этди. Бу албатта, кўнгилга хуш ёқувчи ҳолатлардан бири. Табиатга меҳр оиладан шаклланади. Табиатни, атроф-муҳитни асраган инсондан эса ёмонлик чиқмайди, дейди ёши улуғлар.
Эко акция сўнгида фаол иштирокчилар рағбатлантирилди.
Абдували Бўриев, ЎзА