Барча топшириқлар сўзсиз бажарилади
Президентимиз раислигида жорий йилнинг 12 февраль куни бўлиб ўтган аграр соҳадаги устувор вазифалар ва режаларга бағишланган йиғилишда бир қатор долзарб ва кечиктириб бўлмайдиган, муҳим вазифа ва топшириқлар берилган эди.
Жиззах вилоятида мазкур вазифалар ижроси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Шароф Рашидов тумани ҳокими Маҳмуд Холбўтаев ҳам қишлоқ хўжалигида янги захираларни ишга солиш, 2024 йилги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди. Унда соҳада таннархни камайтириш, юқори ҳосил берадиган уруғ ва кўчатларни етказиб бериш, саноат муҳитини олиб кириш бўйича айрим мутасаддилар етарлича ишламаётгани танқид қилинди. Жорий йил туманда ҳосилдор уруғларни етказиш, деҳқонларни янги агротехнологияларга ўқитиш, пахта, ғалла ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда ҳосилдорликни янада ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Масъулларга сувдан оқилона фойдаланиш соҳадаги энг устувор вазифа бўлиши кераклиги айтилиб, сувни тежаш, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш вазифаси қўйилди. Чорвачилик, пиллачилик, балиқчилик ва бошқа соҳаларни ривожлантириш чора-тадбирлари белгиланди.

Биз Президентимиз томонидан видеоселекторда айтилган топшириқлар ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар бўйича Шароф Рашидов тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Арслон Мустақов билан суҳбатлашдик.

– Йиғилишда қишлоқ хўжалигида янги захираларни ишга солиш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди, – дейди А.Мустақов. – Топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича туманда аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Жумладан, барча захиралардан унумли фойдаланиш, сувни тежаш, канал ва ариқларни бетонлаштириш, томчилатиб суғориш усулини кенг жорий этиш, барча турдаги қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилдорлигини ошириш, хориждан ҳосилдор, эрта пишар, турли касалликларга чидамли, сувни кам талаб қилувчи чигит навларини олиб келиш, чорвачилик, пиллачилик, балиқчилик, асаларичилик ва соҳанинг бошқа тармоқларини кенг ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Туманимиздаги мавжуд канал ва ариқларни, вегетация даврига қадар 146 километрини бетонлаштириш режалаштирилган. Айни вақтга келиб ушбу сув тармоқларининг 80 километрига бетон қопламалар ётқизилди. Ички ва хўжаликлараро каналларда бетонлаштириш ишлари давом этмоқда. Шу ўринда канал ва ариқ бўйларига ҳамда экин ерлари четларига – “Яшил макон” миллий дастури доирасида турли мевали ва манзарали дарахт ҳамда ток кўчатлари экиб борилмоқда. Пахта, ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш мақсадида сув тежовчи технологиялардан кенг фойдаланиш асосий мақсад қилинган. Жумладан, жорий қишлоқ хўжалиги мавсумида тумандаги минг гектар ерга хориждан уруғ олиб келиниб, Хитой технологияси асосида чигит экиш режалаштирилган.

Юртбошимиз жорий йилда 60 минг гектар ерни аҳолига қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш учун ажратиш, бу орқали ўзини ўзи банд қилиб, оилавий бюджетини шакллантириш лозимлигини айтиб ўтди. Ана шу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида туман ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги котибияти, маҳалла фаоллари билан биргаликда ишчи гуруҳ ташкил этилди. Ерларни аҳолига ажратиш бўйича ҳудудларда ижтимоий дафтарларда турувчи, банд бўлмаган, ишга яроқли бўлган эҳтиёжманд фуқароларнинг рўйхати шакллантирилиб, ер майдонларининг контурлари аниқланмоқда. Шунингдек, йирик ва мини қишлоқ хўжалиги техникаларини 3 йиллик имтиёзли лизинг маблағлари асосида 10 йил муддатга харид қилиш истагида бўлган томорқа ер эгалари, деҳқон-фермер хўжаликлари раҳбарларининг ҳам талаблари шакллантирилмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, туманда Президентимиз топшириқлари ижросини таъминлаш борасида мавжуд барча захираларни ишга солишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА