Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган байрам тадбири давом этмоқда.
–Ҳар қандай халқнинг етуклик даражасини, аввало, аёлларнинг илмий-маданий камолоти белгилаб бериши, оқила ва ўқимишли оналар миллатнинг буюк келажагини яратишлари, ҳаммамизга яхши аён. Шу боис донишмандлар: “Битта қиз болани ўқитсангиз – бутун оилани ўқитган бўласиз”, деб бежиз таъкидламаганлар.
Қизларимизнинг замонавий билимлар ва касб-ҳунар эгаси бўлиб, жамиятда ҳамда ўз оиласида муносиб ўрин топиши учун бошлаган ишларимизни, бундан кейин ҳам изчил давом эттирамиз,– деди Президент.
Қайд этилганидек, бу борада 2022-2026 йилларга мўлжалланган Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш миллий дастури қабул қилинган.
–Ушбу ҳужжат доирасида пойтахтда хотин-қизлар учун алоҳида университет ва жойларда унинг техникумларини ташкил этамиз. Барча талаба қизларга таълим контрактларини тўлаш учун 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш тартиби жорий қилинади. Ушбу ишларимизнинг мантиқий давоми сифатида илмий изланиш ва кашфиётлари билан юртимиз равнақига катта ҳисса қўшиб келаётган олима аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишларини янги босқичга кўтарамиз.
Маълумки, бугунги кунда опа-сингилларимиз орасида ўнлаб академик ва профессорлар, фан докторлари ва фан номзодлари, юзлаб истеъдодли тадқиқотчилар бор. Илм-фан билан шуғулланиш, илмий янгилик яратиш – бу игна билан қудуқ қазишга баробар.
Мен ўзим шу соҳадан чиққаним учун бу ишнинг нақадар қийин ва мураккаб эканини яхши биламан. Шунинг учун ҳам оила ташвишлари ва фарзанд тарбиясини илмий-тадқиқот билан бирга олиб бораётган, бу борада амалий ютуқ ва натижаларга эришаётган олима аёлларни шахсан мен чинакам матонат ва жасорат соҳибалари деб биламан ва юксак қадрлайман,– деди давлатимиз раҳбари.
ЎзА