Барча масалалар ечимида изчил ҳамкорлик зарур
Бухорода Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) AҚШ Конгресси ҳузуридаги Халқаро Республика Институти (IRI) билан ҳамкорликда “Маҳаллий давлат хокимияти органлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашда Омбудсман ва фуқаролик жамияти институтларининг роли” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Котибияти мудири Саидбек Азимов кириш сўзи билан очди.Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга берилаётган эътибор ўз навбатида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича жойлардаги вакиллари (омбудсман) фаолиятида ҳам ўз аксини топмоқда. Буни Омбудсманнинг Бухородаги минтақавий вакили фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.
Ушбу минтақавий вакил, сенатор Абира Ҳусейнованинг таъкидлашича, аҳоли томонидан юборилаётган мурожаатларни кўриб чиқишда маҳаллий ҳокимлик органлари, Халқ депутатлари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва ОАВлари билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилган. Бу эса ўз навбатида ечимини кутиб қолган муаммоларни белгиланган муддатларда ҳал қилиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 22 июндаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида” ги фармони ушбу муҳим масалага янада жиддий ёндашиш зарурлигини талаб этмоқда. Бухородаги 3 та жазони ўташ муассасаси, 1 та тергов ҳибсхонасида вақти-вақти билан олиб борилаётган ўрганишлар чоғида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланмоқда. Маҳкумлар билан юзма-юз суҳбатларда Ўзбекистонда ўлим жазосининг бекор қилинганлиги янгиланаётган Конституция даражасига кўтарилганлиги мамлакатимизда инсон ҳаёти олий қадрият эканлиги тўғрисида батафсил маълумот берилмоқда. Омбудсманнинг Бухородаги минтақавий вакили томонидан 156 нафар маҳкум билан мулоқотга киришилган. Улар учун яратилган шароитлар ўрганилиб мавжуд камчиликлар бартараф этилган. Вилоятда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси ҳудуддаги жазони ўташ муассасаларида талаб даражасида эканлиги эътиборлидир.
Давра суҳбатида Янгиланаётган Конституциянинг инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига қаратилган 12-боб 69-75-моддалари юзасидан батафсил сўз юритилди. Халқаро ташкилотларнинг бир қатор истиқболли ва инсонпарвар лойиҳаларида бухоролик соҳа ходимлари ҳам фаол иштирок этаётгани эътироф этилди. Шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларида ўрнатилган “Омбудсман қутилари” даги маҳкумларнинг мурожаатларига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани, ушбу мурожаатлар билан танишиб чиқиш ва ижобий ҳал этиш ваколати фақат минтақавий вакил ваколатига тааллуқли эканлиги қайд этилди.
[gallery-11584]
– Бугун вилоятимиздаги нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтларининг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда ўзаро ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилган, – дейди “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Бухоро вилояти бўлинмаси раҳбари Ҳамза Рўзиев. – “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг асосий мақсадларидан бири бу — мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан (бу ижтимоий, иқтисодий соҳалардаги ислоҳотлар бўладими, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар бўладими) барчани бирдек хабардор қилиш. Чеккароқ ҳудудлардаги аҳолига етказиш. Шу билан бирга, уларнинг таклифини, муаммоларини эшитадиган ва муҳокама қиладиган майдонни яратиб бериш ва шу орқали давлатга ишончини мустаҳкамлашдан иборат. Фаолиятимиз давомида 50 дан ортиқ ҳамкорлар билан ўзаро муносабатлар шакллантирилган. Жумладан, халқаро ташкилотлар, халқаро нодавлат ташкилотлари, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилган. Айнан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) билан фуқаролар мурожаатларини ўрганишда, жойларда фуқаролар билан турли давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказилишида ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Айниқса, вилоятдаги жазони ижро этиш муассасалари фаолиятини ўрганиш, шахсга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз ғайриинсоний ёки қадр қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини олдини олиш мақсадида ўтказилаётган доимий мониторингларда яқин ҳамкорликда иш олиб боряпмиз. Мониторинглар жараёнида муассасаларда сақланаётган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати, уларнинг озиқ-овқат таъминоти, яратилган шароитлар, жазони ижро этиш муассасалари қошида ташкил этилган саноат ишлаб чиқариш зоналарида (тикувчилик, ғишт ишлаб чиқариш, мармарга ишлов бериш, дурадгорлик, чилангарлик каби йўналишларда) йўлга қўйилган цехларда меҳнат қилаётган жазо муддатини ўтаётган шахслар учун муносиб меҳнат шароитларининг яратилганлиги, иш ҳақининг ўз вақтида берилиши, хавфсизлик техникаси қоидаларига амал қилиниши, шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиши каби масалаларга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Давра суҳбатида “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлашда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш”, “Омбудсманнинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлик қилишдаги ўрни”, “Ёшлар ишлари агентлигининг ёшларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб этиш, замонавий касб-ҳунарлар, рақамли иқтисодиёт кўникмаларини пухта эгаллашлари учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш, уларни иш билан таъминлашдаги ўрни”, “Давлат томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклида қўллаб-қувватлаш”, “Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ахборот олиш ва ундан фойдаланиш кафолатлари”, “Нодавлат нотижорат ташкилотларининг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдаги роли” мавзуларида маърузалар тингланди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА