Барча ислоҳотлар аҳоли фаровонлиги учун
“Hududgaz Navoiy” газ таъминоти филиали негизида ташкил этилган лойиҳалаштириш бўлими томонидан 2021 йилда ижтимоий соҳа ва тадбиркорликни ривожлантириш объектлари учун 449 та газлаштириш лойиҳалари амалга оширилди. Ерли хонадонларни газлаштириш бўйича 1158 та лойиҳа-смета ҳужжатлар ишлаб чиқилган.
2022 йилнинг айни вақтига қадар эса бўлим томонидан газлаштириш бўйича тайёрланган лойиҳа ҳужжатлар сони 294 тага етди.

Хусусан, аҳоли хонадонларини газлаштиришга 201 та, улгуржи истеъмолчилар учун 93 та лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланди.
– Вилоятдаги газ қувурларини мукаммал ва жорий таъмирлаш, муҳофаза зонасида қурилган обеъктлардан ўтган ер ости газ қувурларини хавфсиз жойга, яъни ер устига кўчириш учун монтаж ишлари ушбу бўлим томонидан ишлаб чиқилган лойиҳалар асосида олиб борилмоқда, – дейди лойиҳалаштириш бўлими бошлиғи Лутфулла Абдуллаев.
– Шунингдек, вилоят ҳудудидаги Давлат дастурига киритилган Ғозғон шаҳридаги “Кичик саноат зонаси”, Кармана ва Қизилтепа туманларидаги “Янги Ўзбекистон” массивларини газлаштириш бўйича ҳам лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилди. Ҳозирда бундай ҳужжатларни ишлаб чиқишда табиий газни бошқариш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУГ)га мослиги ва энергия тежамкор газ жиҳозларининг ўрнатилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Боиси, бу “зангори” ёқилғини иқтисод қилиш ва ундан хавфсиз фойдаланишда муҳим аҳамиятга эга.

Албатта, сўнгги йилларда газ таъминоти соҳасида туб ўзгаришлар рўй бериб, тизимга рақамли иқтисодиётнинг кириб келиши иш унумдорлиги ва самарадорлигини оширди.
Президентимизнинг 2020 йил 24 сентябрдаги “Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш” лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этишда муҳим дастуруламал бўлмоқда. Натижада замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали табиий газни ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш, йўқотишларни бартараф этиш, шунингдек, истеъмол қилинган табиий газ учун тўловларнинг ўз вақтида ундирилишини таъминлаш имконини берди.
Навоий вилоятида дастлаб истеъмолчилар сони кўп, дебитор қарздорлик юқори бўлган Кармана, Қизилтепа туманларида “ақлли” ҳисоблагич ўрнатиш ишлари бошланган бўлса, кейинчалик Навоий ва Зарафшон шаҳридан ташқари барча ҳудудларда қарор ижроси тўлиқ таъминланди. Яъни, вилоятда 110 мингта ҳисоблагич ўрнатилди.

– Замонавий ҳисоблагичдан фойдаланаётганларнинг асосий қисми табиий газ истеъмолчилари нисбатан кўп бўлган Кармана, Қизилтепа, Хатирчи туманлари ва Навоий шаҳрига тўғри келади, – дейди “Hududgaz Navoiy” газ таъминоти филиали ахборот хизмати раҳбари Зебо Қутлиева. – Ҳисоблагичларни ўрнатишда истеъмолчи хонадонидаги газ жиҳозларининг сони инобатга олинади. Жумладан, ҳовли турар-жойларида G-6, кўп қаватли уйлардаги хонадонларга G-1,6 ва G-2,5 ҳажмдаги ҳисобдонлар ўрнатилмоқда. Ушбу ўрнатилган ҳисоблагичлар ҳақидаги маълумотлар махсус базага киритиб борилмоқда. Агар истеъмолчи хонадонидаги газ ҳисоблаш ускунасига ташқи таъсир етказса, ҳолат база орқали маълум бўлади. Бу борада истеъмолчилар тегишли тартибда огоҳлантирилган.
Аслида, бу ислоҳот турли оворагарчиликларнинг олдини олиш, тизимда инсон омилини камайтириш, шаффофликни таъминлашга қаратилган. Бундан кўзланган асосий мақсад эса истеъмолчиларда тўлов маданиятини ошириш, табиий газни иқтисод қилиш, ноқонуний газ сарфининг олдини олиш, хавфсизликни таъминлашдир.
Абдували Бўриев, ЎзА.