Барча ислоҳотлар аҳоли фаровонлиги учун
Жондор Бухоро вилоятининг ҳудуди ва аҳоли сон бўйича йирик туманларидан бири ҳисобланади.
Жондор Бухоро вилоятининг ҳудуди ва аҳоли сон бўйича йирик туманларидан бири ҳисобланади. Бу туман барча соҳаларни барқарор ривожлантиришда каттагина салоҳиятга эга.
Хўш, бугун мавжуд имкониятлардан қандай фойдаланилмоқда? Одамлар турмуш фаровонлигини таъминлаш учун нималар қилиш керак? Бу саволларга вилоят ҳокими Ў.Барноевнинг туман фаоллари билан учрашувида жавоб изланди. Мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида илгари сурилган вазифалар асосида 2020 йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Тадбирда вилоят ва туман ҳокимликлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, тегишли ташкилот, корхона ва муассасалар раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” жамоат фонди мутасаддилари, жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда вилоят ҳокими Ў.Барноев сўзга чиқди.
Таъкидлаш керакки, туманда кейинги йилларда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муайян ўзгаришларга эришилди. Ютуқлар ҳақида гап борар экан, хусусан, кейинги 18 йил мобайнида илк бор давлатга пахта сотиш шартномавий режаси уддалангани эътироф этилди. Лекин умуман олганда, Жондорда муаммолар кўп. Танқидий руҳда ўтган йиғилишда асосий эътибор камчиликлар таҳлилига қаратилганининг сабаби ҳам шунда.
Ҳудудда ислоҳотлар натижадорлиги юқори эмас. Замонавий технологияларни жорий этиш суст. Ишсизлик даражаси 9,8 фоизни ташкил этмоқда. Бу каби муаммоларни ҳал этган ҳолда ривожланиш сари маррани юқори олиш зарур.
Йиғилишда Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган вазифалар асосида туманни 2020 йилда ижтимоий- иқтисодий ривожлантиришнинг ҳар бир йўналиши ҳақида батафсил сўз юритилди.
Кичик бизнес истеъмол ва хизмат бозорини бойитиш, иш ўринларини кўпайтиришда муҳим ўрин тутади. Жорий йилда туманда 454 та янги субъект ташкил этилади. Аммо улар сонини янада кўпайтириш имкониятлари мавжуд, деб таъкидланди йиғилишда. Бунинг учун жойларда тадбиркорликка қизиқишларни қўллаб-қувватлаш, соҳа вакиллари муаммоларини ҳал этишга жиддий эътибор қаратиш лозим.
Ишбилармонликни ривожлантиришда давлат дастурларининг ўрни катта. Масалан “Ёшлар – келажагимиз” дастурига асосан ёшларнинг 14 та тадбиркорлик лойиҳаси учун 1,3 миллиард сўм миқдорида кредит маблағи ажратилади. Бу сармоя доирасида 2 та ёшлар меҳнат гузари ҳам ташкил этилади.
Жорий йилда туманда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш йўналишларида 40 та инвестцион лойиҳа амалга оширилади. Шунингдек, 10 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий сармоя ҳам ўзлаштирилади. Шулар ҳисобига 800 та иш ўрни ҳам яратилади. Зеро, тадбирда аҳоли бандлиги масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Барча манбалар ҳисобига 1980 та иш ўрни яратилади. Аммо ишчи кучи ошиб бораётган туманда бугунги кунда 2 минг 57 нафар ёшнинг бандлиги таъминланмаганлиги инобатга олинса, муаммо жиддий эканлиги аён бўлади. Хуллас, режа-мўлжаллар эҳтиёж даражасида эмас.
Ёшларни иш билан таъминлаш мақсадида, улар сонини уйма-уй юрган ҳолда тўлиқ хатловдан ўтказиб, мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш чораларини кўриш лозим. Шунингдек, касбий маълумотга эга бўлмаган ёшларни кадрларга эҳтиёждан келиб чиқиб, касбга қайта тайёрлаб, уларни иш жойлари билан таъминлаш зарур.
Туманда йўлларнинг катта қисми таъмирталаб. Жорий йилда бу муаммо ечимида салмоқли ўзгариш кутилмоқда. Умумий узунлиги 56,1 километри бўлган йўллар таъмирланади. Ҳудудларда электр таъминотини яхшилаш мақсадида жами 90,6 километр бўлган электр тармоқлари реконструкция қилинади, 46 та трансформатор янгиланади. Шу ўринда вилоят раҳбари бу каби лойиҳаларни амалга оширишда тегишли ҳудудлардаги аҳволни ўрганиб, халқ депутатлари туман Кенгаши билан маслаҳатлашган ҳолда, биринчи галда, ҳолати ночор бўлган қишлоқларга эътибор қаратиш адолатли бўлишини таъкидлади.
Жорий йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам катта марралар белгиланган. Деҳқончилик маданиятини ошириш ҳисобига 48,2 минг тонна (ўтган йилдагидан 15,7 минг тонна кўп) тонна дон етиштириш, ҳосилдорликни 71,8 центнерга етказиш кўзда тутилган. Пахтакорлар эса 38,2 минг тонна хирмон уйишни мўлжаллаб туришибди. Вилоят ҳокими шу ҳақда сўз юритар асносида деҳқонларга бозор иқтисодиёти тамойилларидан келиб чиқиб, катта эркинлик берилишига эътибор қаратди. Юртбоши Мурожаатномасида таъкидланганидек, пахта ва ғалла бўйича давлат буюртмаси келгуси йилдан босқичма-босқич бекор қилинади.
Анъанавий жайдари боғ ва токзорлар бугунги кунда етарли самара бераётгани йўқ. Улар ҳосилдорлиги паст. Туманда шу жиҳатга кўра, яроқсиз 198 гектар мевазор боғ ва 67,3 гектар токзорни бузиб, уларда интенсив кўчатларни ўтқазиш лозим. Бу кўчатлар мевасининг сифати ва бошқа хусусиятлари халқаро стандартларга жавоб бериши ва ҳосилдорлиги ҳамда экспортбоплиги билан ажралиб туради.
Шунингдек, тадбирда маҳаллий бюджет тушуми, ҳудудий экспорт кўрсаткичини бажариш, умумий қиймати 8,4 миллиард сўмлик ирригация ва мелиорация ишларини амалга ошириш, “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури учун ажратиладиган 12,9 миллиард сўмлик кредитларидан самарали фойдаланиш хусусида сўз юритилди.
Президентимизнинг Мурожаатномасида бошқарув тизими сифатини оширишда “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”, деган тамойилни тўла таъминлаш вазифаси илгари сурилган. Бу давлат идоралари ва ҳокимлари зиммасига сайёр қабуллар ва учрашувлардаги мурожаатларда кўтарилган масалаларни ҳал этишда катта масъулият юклайди.
Хўш, Жондорда раҳбарларнинг бу борадаги эътиборлари қандай? Йиғилишда таъкидланишича, ўтган йили жисмоний ва юридик шахслардан Халқ қабулхонасига бевосита мулоқотларда ва ишонч телефонлари, веб-сайт орқали 2 минг 659 та мурожаат тушган. Таҳлиллар шуни кўрсатяптики, уларнинг атиги 23 фоизи ижобий ҳал қилинган.
Ёки бошқа бир мисол. Туман секторлари раҳбарлари томонидан ўтказилган 284 та сайёр оммавий қабул жараёнида жами 1313 та масала юзасидан мурожаат қайд этилган бўлиб, уларнинг 37,3 фоизи ижобий ҳал этилган, 396 таси, яъни 30,1 фоизи эса ечимсиз қолди. Жумладан, 1-сектор раҳбари, яъни туман ҳокими томонидан 287 та мурожаатнинг 106 таси (37 фоизи) ҳозиргача ечим топмаяпти.
Соҳалар кесимида қилинган мурожаатлар аксариятининг ҳам ечими қониқарли эмас. Масалан, йўл қурилиши масалалари юзасидан келиб тушган аризаларнинг бирортаси ҳам ижобий ҳал қилинмаган. Вазифа шуки, қабуллар ва сайёр учрашувларда кўтариладиган масалалар чуқур ўрганилиши ҳамда ўз вақтида қонуний ҳал этилиши назоратга олиниши зарур.
Йиғилишда ҳудудларни ободонлаштириш, йўл ва кўчаларни ораста этиш борасида жиддий камчиликлар қаттиқ танқид қилиниб, уларни бартараф қилишда маҳаллалар, жамоатчиликнинг вазифалари белгилаб берилди.
Фаоллар йиғилишида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш залворли вазифалари ҳал этилиши маҳаллий ҳокимлик раҳбарияти, тегишли соҳа мутасаддиларидан ташаббускорлик, фидойилик, мустаҳкам интизомни, масъулиятни талаб қилади. Албатта, бу борада жамоатчилик назоратини оширадиган депутатларнинг фаоллиги жуда зарур, деб таъкидланди мулоқотда.Халқ ноиблари яқинда бўлиб ўтган сайловларда уларга билдирилган ишончни амалий ишлари билан оқлашлари керак.
Президентимизнинг дастурий аҳамиятга эга Мурожаатномаси асосида 2020 йилда ҳудудларда амалга ошириладиган устувор вазифаларга бағишланган фаоллар билан учрашувлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида бўлиб ўтмоқда.