Бундан беш йил илгари иссиқхона дейилса, кўпчиликнинг кўз ўнгига помидор, бодринг ва лимон ҳосили келар эди. Энди эса томорқадан самарали фойдаланиш, бозорга барвақт экинлар етказиб бериш мақсадида барча турдаги сабзавотларни иссиқхонада етиштириш йўлга қўйилди.
Карманалик Замира Алимова ҳар йили 25 сотих иссиқхонада деҳқончилик қилиб қишлоқ хўжалик экинлари етиштиради.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакиллари ҳамда туман ҳокимлиги вакилларидан иборат ишчи гуруҳи Навоий вилояти Кармана тумани “Шибзон” МФЙда истиқомат қилаётган З.Алимова тажрибасини оммалаштириш учун кўргазмали семинар ташкил этди.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раисининг ўринбосари Тўлқин Сатторов қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ҳам иқлими, ҳам шароити қулай бўлган юртимиз катта иқтисодий имкониятга эгалиги, аҳолини доимий равишда арзон маҳсулотлар билан таъминлаш, ортган қисмини экспорт қилиш ҳисобига юқори даромад олиш имкониятини алоҳида қайд этди.
Сўнгра, ишчи гуруҳи ушбу ҳудудда фаолият юритаётган нафақадаги Олим Тошов билан мулоқотда бўлди. У “Комил Мирзо” фермер хўжалиги ер майдонидан “Е-аукцион” орқали ажратилган 30 сотихда картошка етиштиради Ҳозирда кортошка экиш жараёни кетмоқда.
Ишчи гуруҳининг навбатдаги манзили Навбаҳор тумани бўлди. Улар “Навкар” МФЙ яшовчи Фарҳод Очилов хонадонида ҳам кўргазмали семинар ташкил этди. Хонадонда банан ва папайя дарахтларини етиштириш йўлга қўйилган.
– Бир сотих иссиқхонада экилган банан дарахтидан бир йилда икки марта ҳосил олиб, 50 миллион сўм даромад қиламиз, – дейди Ф.Очилов. – Папайя ҳам йил бўйи ҳосил беради. Эътиборлиси, унинг мевалари бир-биридан фарқ қилади. Мевалари ҳар хил ўлчамда, вазни ва шакли ҳам турлича. Улар 170-230 кунда пишади. Мевалари серсув, этдор, жуда майин бўлиб, мазаси қовоқни, хурмони ва бироз тезпишар қовунларни эслатади. Келгусида банан ва папайя етиштиришни янада кенгайтириш учун замонавий иссиқхона қуриш ниятим бор. Маблағ етмаётгани сабабли бу ниятимиз озроқ орқага сурилиб турибди.
Ҳа, кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги тубдан ислоҳ қилиниб, унинг моддий-техника базаси тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Бироқ экин-текин мавсуми ўта тиғиз пайт саналади. Ниҳол қадаш, уруғ сепиш ишлари узоғи билан ўттиз кундан ошмайди. Шу вақт ичида экканинг, улгурганинг. Акс ҳолда қуруқ қўл билан қолиб, ернинг умри зое кетади. Аслида, тоғдек барака хирмонлари ҳам мисқоллардан яралади.
А.Бўриев, ЎзА