Барқарорликни таъминлаш йўлида
Аҳоли ўртасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Тошкент шаҳрида жорий йилнинг ўтган даврида 3700 дан ортиқ янги тадбиркорлик субъектининг рўйхатга олингани бунинг далилидир.
Аҳоли ўртасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Тошкент шаҳрида жорий йилнинг ўтган даврида 3700 дан ортиқ янги тадбиркорлик субъектининг рўйхатга олингани бунинг далилидир. Айни вақтда уларнинг олдидаги мавжуд тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш корхоналар фаолияти барқарорлигини таъминлаш ва янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан пойтахт туманларида ўтказилаётган тадбиркорлар билан учрашувларда шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Юнусобод туманида фаолият кўрсатаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакиллари иштирокида ўтказилган навбатдаги тадбир ҳам корхоналар таклифларини ўрганиш, уларга туман, шаҳар ёки республика идоралари миқёсида ёрдам беришга қаратилди.
Тадбирда шаҳар ва туман ҳокимликлари, солиқ, прокуратура, божхона, ички ишлар, архитектура, иқтисодиёт идоралари, банк ва бошқа молия-кредит муассасалари мутасаддилари иштирок этди.
Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига шароит ва кафолатлар яратиш, солиқ ва божхона имтиёзларини кенгайтириш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга катта аҳамият берилаётгани таъкидланди. Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлаётир.
Фармонга мувофиқ тадбиркорлик фаолияти субъектларининг молиявий-хўжалик фаолияти бўйича режали текширувлар фақат охирги режали текширув давридан кейинги муддатни қамраб олиши белгиланган. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларига йўл қўйилган хатоларни текширув давом этаётган даврнинг ўзида тўғрилаш имконияти яратилиши улар фаолияти тўхтатиб қўйилиши ва тугатилишининг олдини олади.
Юнусобод туманида етти мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти рўйхатга олинган, шундан олти минги кичик бизнес сектори вакили саналади. “Zenit Elekctroniks”, “Raupxon”, “Новофарма Плюс”, “Elsun-Sharob”, “O'zbekenergota'mir”, “Aлким Текстиль” сингари йирик корхоналар билан бирга мингдан ортиқ кичик бизнес субъектлари туманнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида кичик бизнес вакилларининг иштироки тобора ортиб бормоқда. Туман ҳокимлиги маълумотларига кўра, 2014 йилда кичик бизнес субъектлари томонидан 66,7 фоиз саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилган бўлса, хизмат кўрсатиш тармоғининг 41,5 фоизи, юк ташишнинг 79,1 фоизи, йўловчи ташишнинг 86,9 фоизи ва қурилиш ишларининг 85 фоизи соҳа вакиллари ҳиссасига тўғри келган. Натижада яратилган ўн мингга яқин янги иш ўрнининг 65,2 фоизи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишида ташкил этилган.
Йиғилишда тадбиркорларнинг саволларига мутасадди идора ва ташкилотлар масъул ходимлари жавоб қайтарди.
Тадбирда Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усмонов сўзга чиқди.