Банкоматлар фаолияти назоратга олинган (+видео)
Мавзуга қайтиб
Жиззах шаҳридаги тижорат банкларига қарашли пластик карталардан пул ечиб олиш шохобчаларидаги юзага келган муаммо ҳақида жорий йил 12 январда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайтида “Жиззахда банкоматлар нега ишламаяпти?” сарлавҳаси остида танқидий мақола эълон қилинганди.
Ушбу мавзуга қайтиб, Жиззах шаҳридаги 24/7 режимида ишлайдиган пул ечиш шохобчаларидаги банкоматларда юзага келган носозликлар қанчалик бартараф этилганини билиш мақсадида мутасаддиларнинг жавобларини олдик.
– Мақолада кўрсатилган 24/7 тизимида ишлайдиган банкоматларимиз профилактика сабабли ҳақиқатдан ҳам ўша куни ишламаган, – дейди “Агробанк” АТБ Жиззах вилоят бошқармаси ҳудудий филиали бўлим бошлиғи Жасур Эсергапов. – “Агробанк” АТБ Жиззах вилоят бошқармаси ҳудудий филиали бошқарувининг ички аудит департаменти ходимлари томонидан тафтиш ўтказилаётганлиги сабабли филиалга тегишли банкоматлар профилактика учун ўчирилган. Ҳозир профилактика ишлари якунланиб, ҳолат барқарорлашган. Айни вақтда мижозларимиз пул ечиш шохобчамиздан эркин фойдаланмоқда.

– Жиззах минтақавий банк хизматлари офисига қарашли 24/7 ўз-ўзига хизмат кўрсатиш шохобчасида Жиззах шаҳридаги, жумладан, бизнинг банкимизга тегишли банкоматлар ҳам танқид остига олинган эди. Банкомат электр таъминотидан узиб қўйилганлиги туфайли ишламай қолган, – дейди “Ҳамкорбанк” Жиззах минтақавий банк хизматлари офиси бошқарувчи ўринбосари Акмал Алиев. – Айни вақтда банкимиз биносида таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Қурувчилар электр таъминотини эҳтиётсизлик туфайли узиб юборган. Натижада аккумулятор батарейкаларининг қуввати етмай, пул ечиш учун мижознинг банкоматга қўйилган пластик картаси банкомат ичида қолиб кетган. Тушлик тугаши билан барча носозликлар тўлиқ бартараф этилди. Ўша куннинг ўзидаёқ барча банкоматлар тўлиқ иш фаолиятида. Картаси қолиб кетган мижознинг пластик картаси ва ечмоқчи бўлган нақд пуллари мижозга қайтариб берилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/alPgnP2AyYI" title="Bankomatlar faoliyati nazoratga olingan" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>– Жиззах вилоятида тижорат банклари хизматига тегишли жами 435 та банкомат ўрнатилган бўлиб, банк бинолари олдидаги мазкур банкоматлар– 24/7 ўз-ўзига хизмат кўрсатиш шохобчалари вилоятнинг аҳолиси гавжум бўлган бозорлар, супермаркетлар, йирик корхона ва ташкилотлар ҳамда аҳоли гавжум бўлган ҳудудларда жойлаштирилган, – дейди Марказий банк Жиззах вилоят бош бошқармаси нақд пул бошқармаси бошлиғи Илҳом Эрматов. – Банкоматларнинг узлуксиз ишчи ҳолатида бўлиши, сабабсиз ишламаслик ҳолатининг олдини олиш мақсадида тегишли мутасадди идоралар ва Марказий банк, тижорат банклари раҳбарлари ҳамда масъул ходимлари иштирокида телеграмм группа ташкил этилган бўлиб, доимий мониторинг қилиб борилмоқда.
Сизга фуқаро (банк мижози) сифатида банк тизимига, шу жумладан, банкоматларнинг фаолиятига бефарқ бўлмаганлигингиз учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз ва келгусида қайд этилган ҳолатларни такрорланмаслиги бўйича барча зарур чораларни кўриб борамиз. Ушбу олиб бораётган ишларимиздан кўзланган асосий мақсад – халқимизнинг розилигига эришиш, мижозларимизга қулайликлар яратиш мақсадида амалга ошириб борилади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (видео), ЎзА мухбирлари