Банкларнинг капиталлашув даражаси оширилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Дастлаб “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига банклар устав капиталининг энг кам миқдорини босқичма-босқич оширишга қаратилган ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қизғин муҳокама этилди.

Ушбу қонун лойиҳаси билан “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 13-моддасига банк устав капиталининг энг кам миқдорини босқичма-босқич беш юз миллиард сўмгача ошириш юзасидан тегишли қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда. Шунингдек, қонуннинг 17 ва 22-моддаларидаги оффшор давлатда ва (ёки) ҳудудда яшайдиган норезидент бўлган жисмоний шахслар ҳамда шундай давлатда рўйхатга олинган юридик шахслар, акциядорлар (иштирокчилар), охирги бенефициар мулкдорлар банк акцияларининг бевосита ёки билвосита эгалик қилувчилари бўлиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги чекловни қайта кўриб чиқиш назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳаси ташаббускорларининг маълум қилишича, ҳозирда республикадаги 31 та тижорат банкларидан 15 тасининг устав капитали миқдори 500 миллиард сўмдан ортиқ, 7 таси 500 миллиард сўмдан 200 миллиард сўмгача, 9 таси 200 миллиард сўмдан камни ташкил этади.

— Мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши аҳолининг ва тадбиркорлик субъектларининг банкларга омонат(депозит) жойлаштиришни рағбатлантириш, тижорий ва бошқа кредитларга бўлган эҳтиёжини қондириш, шунингдек, банк хизматлари ҳажмининг ошишига ёрдам беради, — дейди Қонунчилик палатаси депутати Мухторжон Ҳожиматов. — Шунингдек, лойиҳа билан таклиф этилаётган ўзгартиришлар банкларнинг капиталлашув даражасини янада ошириш ва ресурс базасини кўпайтиришга, иқтисодиётни таркибий ўзгартириш жараёнларида уларнинг иштирокини кенгайтиришга, банкларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш орқали банк секторига стратегик хорижий инвесторларни жалб қилишга хизмат қилади.

Депутатлар қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан ўз фикрларини, таклиф ва тавсияларини билдириб, уни қўллаб-қувватладилар.
Йиғилишда шунингдек, яна бир қатор масалалар муҳокама қилиниб, қарорлар қабул қилинди.
М.Комилова, ЎзА